Тихановская Варшавада Польша бош вазири билан учрашди

Светлана Тихановская (ч) ва Матеуш Моравецкий (ў), Варшава, 2020 йил 9 сентябри.

Александр Лукашенконинг бир ой муқаддам Беларусда бўлиб ўтган президент сайловидаги рақиби Светлана Тихановская 9 сентябрь куни Варшавага бориб, Польша бош вазири Матеуш Моравецкий билан учрашди. Бу унинг сайловдан сўнг расмийлар босими остида чиқиб кетган мамлакати – Литвадан илк бор хорижга чиқишидир. Польша пойтахтида уни юзлаб тарафдори олқишлар билан қарши олди.

Тихановская ва Польша бош вазири диаспора маданий маркази бўлган “Белорус уйи”нинг очилиш маросимида иштирок этдилар. Марказга Тунис элчихонасининг собиқ биноси берилган. Бино устига оқ-қизил-оқ рангдаги миллий байроқ тикилган, мазкур байроқ Лукашенкога қарши норозилик намойишлари рамзига айланган.

Польша бош вазири Варшава ҳамда бутун Европа Иттифоқи “Беларус халқининг эркинлик ва демократия шароитида яшашга интилиши дастаклаши”ни билдирди. У Польшани ёрдам зарур бўлган барча беларусликлар учун “очиқ уй” деб атади.

Тихановская Варшава университетида ҳам чиқиш қилди. У, расмийлар томонидан амалга оширилаётган зўравонлик ҳаракатларига қарамай, Беларусдаги норозилик чиқишлари тинч акциялар бўлиб қолиши лозимлигини билдирди.

Лукашенко Польша ва Литвани Беларуснинг ички ишларига аралашаётганликда айбламоқда. Айни пайтда у Россия оммавий ахборот воситаларига берган суҳбатида “аралашув”даги асосий роль Польшага эмас, АҚШга оид эканини урғулади.

Аввалроқ Тихановскаянинг россияликларга мурожаати ёйинланганди. Ўз мурожаатида у Беларусдаги норозилик чиқишлари Россияга қарши қаратилмаганини таъкидлаб, уларни Россия давлат ОАВ “пропаганда”сига ишонмасликка чақирган.