Давлат божхона қўмитаси Озодлик 28 августда эълон қилган хабар ортидан мобил қурилмаларни Uz IMEI тизимидан ноқонуний рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳни фош этди. Бу ҳақдаги расмий хабар қўмита расмий сайтида эълон қилинди.
“Гап шундаки, хориждан келган кўплаб фуқаролар ўзлари билан олиб келган мобил телефонларини рўйхатдан ўтказишмоқчи бўлганида, уларнинг номига аллақачон бошқа мобил қурилмалар Uz IMEI тизимидан рўйхатдан ўтганлиги кўплаб норозиликларга сабаб бўлаётган эди”, -дейилади расмий хабарда.
28 август куни Озодлик хорижга чиқиб келаëтган ўзбекистонликлар паспорт ва шахсига оид маълумотларнинг кенг кўламда ўғирланиб, ноқонуний телефон импорти билан шуғулланувчилар томонидан IMEI рақамини регистрация қилиш учун ишлатилаëтгани ҳақида мақола эълон қилган эди.
Мазкур мақола ортидан Давлат Божхона хизмати бошқа органлар билан бир қаторда тергов-суриштирув ишларини бошлаган.
Божхона хизматининг билдиришича, қўлга олинган гуруҳ аъзолари бўлган Ўзбекистон фуқароси О.А. шериклари М.Б. ва Т.Р.лар билан қўшни давлатларга ўтишиб, у ерда Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспорт маълумотларини телефон ёрдамида расмга туширишган.
Кейин бу маълумотларни “Телеграм” ижтимоий тармоғи орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобил қурилмаларни Uz IMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келишган.
Бу билан гуруҳ аъзолари шахсларга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиб, сақлаб, улардан “ғаразли ниятларда фойдаланиб келган”.
“Биргина фуқаро Б.М.нинг уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганида, телефон хотирасида Ўзбекистон фуқароларининг 200 га яқин паспорт расмлари борлиги, у ушбу паспорт маълумотларни йиғиб, жиноий шериги О.А.га етказиб берганлиги учун ҳар бир паспортга 5 АҚШ доллардан ҳақ олганлиги маълум бўлди”,-дейилади хабарда.
Мазкур холат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1412-моддасининг 2-қисми “а” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди.
“Газета уз” бу масалага эътибор қаратар экан: “Эслатиб ўтамиз, аввалроқ учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш ҳоллари кузатилаётгани ҳақида хабар қилинган эди. Натижада хориждан келган, ҳатто дўкондан кредитга телефон олган фуқаролар ўз мобил телефонларини рўйхатдан ўтказишга қийналаётган эди”, -деб ёзди.
“Газета уз” блогер Хушнудбек Худойбердиевдан ҳам иқтибос келтиради. Блогерга кўра, IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш пулли қилиб қўйилгани боис мана шундай муаммолар юзага келмоқда.
“IMEI рўйхатдан ўтказиш учун ўзгаларнинг паспорт маълумотлари ўғриланаётгани — бу муаммонинг оқибати холос. Муаммонинг асосий сабаби эса вазирлик ва шу соҳага масъул ташкилотларнинг охиригача ўйланмасдан жорий қилган тизимидир! Агар тизим содда ва мантиққа мос тушадиган, шунингдек хавфсизлик талаблари тўлиқ инобатга олинган бўлганда эди, бировларнинг паспорт маълумотлари ўғирланмасди”, — деб ёзади блогер.