2020-2021 ўқув йилининг биринчи куни 14 сентябрь этиб белгиланган бўлсада, мактаблар янги ўқув йили гибрид тарзда ташкил этилиши ҳамда мактабларнинг тайёргарлик даражасидан келиб чиқиб, босқичма-босқич очилади.
Халқ таълими вазирлигининг 9 сентябрда билдиришича, мактабларни очиш тўғрисида фақат маҳаллий кенгашлар қарор қабул қилади. Бунда мактабларнинг санитария-гигиена талабларига жавоб бериши ва санитария эпидемиология ва осойишталик маркази хулосалари эътиборга олинади.
Айни пайтда Озодлик радиоси 9 сентябрда умумтаълим мактабларининг бу йилги ўқув йили учун очилиши, уларнинг махсус "COVID-19 фильтр" гуруҳлари ва камида 2 та махсус медкабинетни тайёрлашига боғлиқ бўлиб қолаётгани тўғрисида хабар берган эди.
Озодлик мактаб ўқитувчиси ва раҳбарларидан олган маълумотга кўра, улардан 1 нафардан ҳамшира, санитар, ИИВ, Миллий гвардия ходими иборат "COVID-19 фильтр" гуруҳи ҳамда кичик мактабларда камида 1 та, йирикларида эса 3 та махсус хонани тайёрлаш талаб қилинмоқда.
Халқ таълими вазири мамлакат бўйлаб умумтаълим мактаблари 14 сентябрь куни очилиши мумкинлиги ҳақида 25 август куни маълум қилган эди.