Биринчи синф ўқувчиларига бериладиган “Президент совғаси” 14 сентябрдан бошлаб босқичма-босқич тарқатилади.
“Мактабда ўқувчилар ва ота-оналарнинг тўпланиб қолишларнинг олдини олиш мақсадида мактаб маъмурияти “Президент совғалари”ни тарқатишни босқичма-босқич ташкил этиши мумкин. Аниқроқ қилиб айтиладиган бўлса “Президент совғалари” айнан 14 сентябрь куни эмас, вазиятга қараб, баъзи мактаблар кечроқ очилса кечроқ топширилиши мумкин”,-дейилади Халқ таълими вазирлиги расмий билдирувида.
Аввалроқ маҳаллий матбуот “Президент совғаси” айнан 14 сентябрь куни 650 мингга яқин ўқувчига топширилиши режалаштирилгани ҳақида хабар тарқатган эди.
Вазирликнинг билдиришича, “Президент совғаси” ўқишнинг анъанавий ёки масофавий шаклини танлаганидан қатъи назар, барча ўқувчиларга берилади. Бунда “Президент совғаси” масофавий ўқишни танлаган 1-синф ўқувчиларининг ота-оналарига топширилади.
“Президент совғаси” 12 турдаги ўқув қуроллари, жумладан, портфель, дафтарлар, расм дафтари, акварел бўёқлари, рангли қоғоз, қаламдон, шарикли ручка, рангли ва оддий қаламлар, пластилин, елим ва ўчирғич ўрин олган.
Вазирлик: ““Президент совғаси” ҳозирланаётганда ҳар бир 1-синф ўқувчиси ҳисобга олинган, шу сабабли ҳеч бир бола “Президент совғаси”сиз қолмайди. Хавотирга ўрин йўқ, сиздан фақат карантин талабларига риоя қилган ҳолда совғани қабул қилиб олиш сўралади”, -деб мурожаат қилди ота-оналарга.