Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИCЕФ) Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига 952 минг долларлик тиббиёт воситаларини етказиб берди. Бу тўғрида 9 сентябрда ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилди.
Билдирилишича, бу икки ташкилот Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда коронавирусга қарши курашга жалб қилинган тиббиёт ходимларига шахсий ҳимоя воситаларини харид қилган. Жумладан, 71 100 комбинезон, 8 мингта бахила, шунингдек, лаборатория текширувларини тез ва сифатли ўтказиш учун РНА Мини тўпламлари ҳам келтирилган.
Хабарда етказиб берилган барча тиббий ускуналар ва шахсий ҳимоя воситалари Ўзбекистоннинг барча вилоятларига, жумладан, чекка ҳудудларга тақсимлангани таъкидланган.