Қирғизистон билан Қозоғистон ўртасида мунтазам авиақатновларни қайта тиклаш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда 10 сентябрь куни Озодликнинг қирғиз хизматига Фуқаро авиацияси агентлиги директори Қурманбек Акишев маълум қилган.
Мулозимга кўра, Қозоғистонга қатновлар 17 сентябрдан амалга оширила бошланади.
“Остона-Олмаота-Бишкек” йўналиши бўйича ҳозирча ҳафтасига иккита рейс амалга оширишни режалаяпмиз. Келажакда рейслар сони кўпайтирилади. Ўзбекистон билан ҳам музокаралар олиб борилган, рейслар 15 сентябрдан бошлаб қайта йўлга қўйилади”, деган Акишев.
У Россия билан авиақатновларни тиклашга оид масала ҳали ҳал бўлмагани қўшимча қилган.
Аввалроқ “Тошкент-Бишкек-Тошкент” йўналиши бўйича рейс “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкати томонидан ҳафтасига бир марта – душанба кунлари амалга оширилиши ҳақида хабар қилинган.