Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилади. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати маълум қилган.
МБ бошқарувининг июль ойида бўлиб ўтган йиғилишида асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида сақлаб қолиш ҳақида қарор қабул қилинганди.
Асосий ставканинг 14 фоизга туширилиши ортидан мазкур ставкага боғланган ипотека кредитлари, таълим кредитлари ва давлат дастури доирасида бериладиган кредитларда ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.
МБ мутасаддилари қисқа муддатли истиқболда иқтисодиётда инфляцияни оширувчи омилларнинг вужудга келиши кутилмаётганини урғуламоқдалар.
“Бу, биринчидан, жорий йил охиригача электр энергия, коммунал хизматлар, жамоат транспорти тарифлари ва бошқа тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолиши билан боғлиқ.
Бундан ташқари, аҳолининг келгуси даромадлари бўйича ишончсизлиги, харажатларни оптималлаштириш хоҳиши ва истеъмолчилар танловларининг ўзгариши фонида аҳоли томонидан, айниқса, бирламчи эҳтиёж тоифасига кирмайдиган маҳсулотларга бўлган талабнинг қисқариши инфляциянинг секинлашишига хизмат қилади”, дейилади Марказий банк хабарномасида.
МБ бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича галдаги мажлиси жорий йилнинг 22 октябрига белгиланган.