Тиббий ускуналар ва устама ҳақ талаб қилган бош шифокор талон-торожда айбланиб қамоққа олинди

Текширувлар натижасида касалхонада 250 миллион сўмдан кўпроқ маблағ талон-торож қилингани аниқланган.

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева 9 сентябрь куни қамоққа олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура 10 сентябрь куни маълум қилди.

Расмий хабарда таъкидланишича, бош шифокор бюджетдан ажратилган 250,8 миллион сўмни талон-торож қилинганликда ва коронавирусга чалинган оғир аҳволдаги беморни соғайгани ҳақида сохта маълумот бериб, унинг ўлимига сабаб бўлганликда айбланмоқда.

Бош прокуратура бош шифокор бир неча марта сўроққа чақиртирилгани, аммо келмагани, шундан сўнг 8 сентябрь куни у мажбурий равишда терговга олиб келинганини билдирди. Суднинг 09.09.2020 йилдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилди.

Таъкидланишича, 2020 йил 10 август куни фуқаро Ш.Минбаев Чирчиқ шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, юқумли касалликлар шифохонасида икки томонлама пневмония ва “COVID-19” ташхиси билан оғир аҳволда даволанаётган қариндоши Ф.Рустамов 01.08.2020 йилда Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари томонидан вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказилганлигини ва 02.08.2020 йилда унинг соғлиғи ёмонлашиб вафот этганлигини, шу сабабли айбдор шахсларга қонуний чора кўришни сўраган.

Аниқланишича, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида Ф.Рустамов номига юритилган касаллик тарихида бемор “COVID-19” касаллигидан тўлиқ тузалганлиги ҳақида сохта маълумот киритилган.

Бундан ташқари текширувлар натижасида касалхонада 250 миллион сўмдан кўпроқ маблағ талон-торож қилингани аниқланган.

Гулжаҳон Йўлдошева август ойида маҳаллий матбуотга шифохона учун ускуналар ҳамда тиббий ходимлар учун мукофот пуллари берилмаётгани ҳақида билдирган эди.

Июль ойининг ўрталарида ижтимоий тармоқларда Гулжаҳон Йўлдошеванинг Тошкент вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Орзиқулов билан телефон орқали суҳбати акс этган аудиоёзув тарқалган эди.

Суҳбат пайтида у касалхонага ускуналар берилишини талаб қилган. Ўшанда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси Гулжаҳон Йўлдошевани “шифокор шаънига доғ туширадиган ёлғон маълумотларни тарқатиш билан” шуғулланаётганликда айблаган эди.