Ўн биринчи фарзандини дунёга келтирган 39 ёшли аёл оиласига давлат томонидан машина берилгани ҳақидаги хабарлар ёлғон эканини айтди. Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги сериалга қанча маблағ сарфланиши очиқланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.
5000 доллар пора билан ушланган ҳоким ўринбосарига жазо тайинланди
Пора билан ушланган Тошкент шаҳри Юнусобод тумани ҳокими ўринбосари Э.Зоҳидовга ҳукм ўқилди (“Инсон ва қонун” газетаси, 8 сентябрь).
У 2019 йил январдан туман ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келган. Айни чоқда у ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга эгалик ҳуқуқини бериш бўйича туман комиссиясининг раиси ҳам саналган.
Қайд этилишича, айни шу масалада нафси кўйига юрган ҳоким ўринбосари ўзбошимчалик билан қурилган тураржой объектига мулк ҳуқуқини бериш эвазига фуқаро Р.М.,дан 5000 доллар пора талаб қилган.
Ҳокимлик вакили Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда кўрсатилган миқдордаги порани олаётганда ушланган.
Судланувчига уч йилу олти ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.
“Жаноб ҳокимлар, ҳокимлик ходимлари! Бу ер сизларга отангиздан қолган мерос эмаски, уни хоҳлаганда сотиб ёки тортиб оладиган. Сизларнинг вазифангиз ўз ҳудудингиздаги халқнинг кўнглини олиш, уларнинг дардига қулоқ тутиш, яхши-ёмон кунида елкадош бўлишдир” , - деб эслатади “Инсон ва қонун” газетаси.
11-фарзандини дунёга келтирган 39 ёшли аёл: “Бизга давлат томонидан машина берилгани ҳақидаги хабар асоссиз”
Андижон шаҳридаги Янги ҳаёт маҳалласида истиқомат қилувчи Шукуржон ва Насибахон Қодирохуновлар хонадонида 11-фарзанд дунёга келди (www.daryo.uz, 9 сентябрь).
Вилоят перинатал марказида туғилган қиз фарзанднинг ҳам, онанинг ҳам аҳволи яхши.
“21 ёшимда турмушга чиққанман. Ўша пайтда жуда кеч оила қурдим деган фикрда юрардим. Негаки, синфдош қизларнинг деярли барчаси оилали бўлган эди-да. 22 ёшга тўлганимда илк фарзандим туғилди. Унга Шукрона исмини қўйдик. Тўнғичим ҳозир 18 ёшда. Шундан сўнг Яратган бир этак – 8 қиз, 3 ўғил ато этди”, - дейди Н.Қодирохунова.
Суҳбат жараёнида Қодирохунова 2019 йили туғилган қизи ва унинг атрофида тарқалган автомашинага оид гап-сўзларга ҳам тўхталиб ўтган.
“Ўтган йили 10-фарзандимни дунёга келтирганим тўғрисидаги хушхабар интернет сайтлари ва телеканалларда чиққач оиламизга давлат томонидан машина берилгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Кўча-кўйда машина қуллуқ бўлсин, дея табрик билдирганлар ҳам кўп бўлди. Аммо бизга бундай совға ҳадя қилинмаганди”, - дейди у. Н.Қодирохунованинг таъкидлашича, бирор ташкилотга ёрдам сўраб мурожаат қилмаган, масъуллар ҳам ҳол сўраб келмаган.
“Фарзандларимдан энг кенжасига 480 минг сўм миқдорда 2 ёшгача нафақа пули оламиз, холос. Маҳалла раисига ҳеч йўқ катта фарзандларимнинг бирини 16 ёшгача нафақа пулига ўтказиб қўйсангиз, бир миллион сўмга яқин давлатдан моддий ёрдам олардик, дея ҳар йили айтаман. Аммо у киши иложи йўқлигини таъкидлайди” , - деган 11 фарзанднинг онаси.
Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги сериалга қанча маблағ сарфланиши очиқланди
Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Истанбул шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги сериал ижодкорлари, хусусан, продюсер Меҳмет Бўздоғ билан учрашди (www.qalampir.uz, 8 cентябрь).
Назарбеков мулоқот чоғида ўзбек халқи ушбу сериални интиқлик билан кутаётганини таъкидлаган.
“Жалолиддин Мангуберди образи жуда нозик ва биз уни увол қилиб қўймаслигимиз керак”. - деган Назарбеков.
Ўзбекистон томонидан “Best organiser” МЧЖ ва Туркиянинг “Bozdag‘ film” кинокомпанияси ўртасида тузилган шартномага биноан “Мендирман Жалолиддин” сериали “Orient Finans Bank” тижорат банки ҳомийлигида суратга олинмоқда.
Ҳозирда сериалнинг дастлабки қисмлари тасвирга олиниб, монтаж ишлари ниҳоясига етказиляпти. Қайд этилишича, ушбу сериалга 7 миллион АҚШ доллари маблағ сарфланмоқда.
Унда Жалолиддин Мангуберди образини туркиялик актёр гавдалантирмоқда. Сериалда Тоҳир Саидов, Саида Раметова, Раъно Шодиева, Жавоҳир Зокиров, Алишер Узоқов, Адиз Ражабов, Акбархўжа Расулов каби ўзбек актёрлари роль ижро этмоқда.