Ўзбекистоннинг уч вилоятидаги пахта теримига 76,8 минг ишсиз жалб қилиниши кўзда тутилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра, терим пайтида, хусусан, Сирдарё вилоятига банд бўлмаган аҳолидан 36 минг, Жиззах вилоятига 30 минг, Қашқадарё вилоятига 10,8 минг кишини жалб қилиш режаланмоқда.
“Ушбу вилоятларда бутун мамлакатда коронавирус пандемияси шароитида риоя қилинаётган санитария меъёрлари ва гигиена талабларини ҳисобга олган ҳолда теримчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилади”, дейилади хабарномада.
Вазирлик теримчилар учун ишдан ташқари вақтларда маданий ҳордиқ чиқариш, кунига 3 маҳал овқатланишни ташкил этилишини ваъда қилган.
Ўзбекистон ҳукуматининг шу йил 8 сентябридаги қарорига мувофиқ, бу мавсумда қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта учун биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда 1400 сўм тўланиши лозим. Айни пайтда пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперативларга терилган пахта учун юқоридаги нархлардан кам бўлмаган даражада мустақил равишда ҳақ белгилаш ҳуқуқи берилган.