Хориждан юборилган пул жўнатмалари миқдори озайишда давом этмоқда

Пул жўнатмалари миқдори март—апрель ойларида сезиларли даражада оз бўлган.

Жорий йилнинг саккиз ойида 2019 йилнинг мос даврига нисбатан хориж давлатларидан Ўзбекистонга юборилган пул миқдори 5,4 фоизга камайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки ўзининг навбатдаги ҳисоботида маълум қилди.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2020 йилнинг 8 ойи давомида Ўзбекистонга хориждан 3 миллиард 700 миллион доллар пул ўтказилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 209 миллион долларга ёки 5,4 фоизга оздир.

Пул жўнатмалари миқдори март—апрель ойларида сезиларли даражада оз бўлган, май ойида эса апрелга нисбатан икки баробарга ошган.

Марказий банк 2020 йилнинг етти ойлигига бағишланган ҳисоботида июнь ойида Ўзбекистонга энг кўп пул жўнатмалари келганинини билдирган.

Июнь ойида хориждан жўнатилган пул 621 миллион доллар бўлган. Июлда эса 597 миллион доллар келган.

Бундан ташқари Ўзбекистонга хориждан январда 400 миллион доллар, февралда 385 миллион доллар, мартда 296 миллион доллар, апрелда 250 миллион доллар, майда 485 миллион доллар пул юборилган.