Bloomberg: Путин Беларусдаги норозиликлар Лукашенкони ҳокимиятдан ағдарилишига сабаб бўлмайди, деб ҳисоблайди

14 сентябрда Путиннинг Лукашенко билан Сочида учрашиши кутилмоқда.

Россия президенти Владимир Путин Беларусдаги оммавий норозилик намойишлари президент Александр Лукашенконинг ҳокимиятдан четлатишига сабаб бўла олмайди, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Bloomberg Кремлдаги номи сир сақланган беш нафар манбасига таяниб хабар берди.

Айни пайтда манбалар, Кремль мансабдорлари Беларусдаги норозиликлар кўламидан ҳайратга тушганларини ҳам айтиб ўтишган.

Bloomberg манбаларига кўра, Москва Лукашенкога ишонмайди, айни пайтда Лукашенко рақиблари кўча намойишлари орқали ҳокимиятга келишига йўл қўя олмайди. Шунинг учун Кремль Лукашенкони қўллаб-қувватлашга қарор қилган, аммо унга Кремль мойиллик билдирган ворисга ҳокимиятни топшириш бўйича босим ўтказмоқда.

14 сентябрда Путиннинг Лукашенко билан Сочида учрашиши кутилмоқда. Бу Беларусда 9 август куни ўтган президентлик сайловидан сўнг бошланиб кетган норозиликлардан сўнг икки давлат президентларининг биринчи учрашуви бўлади.