Ўн кундан зиёд давом этган тест синовларидан қарийб 1200 нафар абитуриент четлатилди

Тест топшираётган абитуриентлар, Тошкент, 2020 йил 2 сентябри.

Шу йилнинг 2 сентябридан бошланиб 13 сентябригача давом этган тест синовларидан турли сабабларга кўра жами 1 187 нафар абитуриент четлатилган. Бу ҳақда Давлат тест маркази мулозимлари 14 сентябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилдилар.

Қайд этилишича, абитуриентлардан 548 нафари тест ўтказиладиган ҳудудга киришда, 639 нафари эса тест синови жараёнида синовдан четлатилган.

Маълумотларга кўра, тест синовларида иштирок этиши белгиланган 1 миллион 304 минг 194 нафар абитуриентдан 1 миллион 240 минг 614 нафари (95,1 %) иштирок этган. 63 минг 580 нафари эса (4,9 %) турли сабабларга кўра синовларда иштирок этмаган.