Беларусь президенти Александр Лукашенко ва Россия президенти Владимир Путин билан Беларусда бўлиб ўтган баҳсли президент сайловидан кейин илк бор юзма-юз учрашишди.
Икки президентнинг учрашуви Россиянинг курорт шаҳри – Сочида бўлиб ўтмоқда.
Беларусда Лукашенкога қарши намойишлар бир ойдан бери тинмаётган бир пайтда у “катта ака” деб атаган киши билан муҳим музокараларни олиб бормоқда.
Путин матбуот хизмати музокараларда “Россия-Беларусь стратегик ҳамкорлигини янада ривожлантиришга оид муҳим масалалар” муҳокама қилиниши, айни пайтда асосий эътибор савдо-иқтисодий, энергетикага оид, маданий ва гуманитар соҳалардаги йирик қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилишига қаратилишини билдирган.
Беларусда президент сайлови шу йил 9 августида бўлиб ўтган. Беларусь мухолифати ва Ғарб мамлакатлари овоз бериш чоғида кўламли сохталаштиришларга йўл қўйилганини айтиб, сайлов натижаларини тан олмаган.
Сайловдан кейинги норозилик намойишлари, хусусан 13 сентябрь куни бўлиб ўтган акция чоғида, ИИВ маълумотига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан “оммавий тадбирларга оид қонунни бузгани учун” 774 киши қўлга олинганини билдирган.
Путин августдаги сайловдан сўнг Лукашенкони биринчилардан бўлиб табриклаган президентлардан бири бўлган.
Тахминларга кўра, бугунги учрашувда Лукашенко Россия президентидан иқтисодий ва ҳарбий кўмак сўраши мумкин. 14 сентябрь куни икки давлат ҳарбийлари Беларусь ғарбидаги полигонларда қўшма машқларни бошлаганлар.
Намойишлар бошланганидан бери Путин ва Лукашенко Беларусдаги вазиятни бир неча марта телефон орқали муҳокама қилганлар. Ўтган ой Россия президенти Беларусь расмийлари ва мухолифатчиларини инқирозни сиёсий йўл билан ҳал қилишга чақирган эди.