Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида 14 сентябрь куни Korean and migrations хусусий бандлик агентлиги мансабдор шахслари ва воситачилар устидан ҳукм ўқилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди ўзининг расмий Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, Korean and migrations директори Қаҳрамон Отақулов ва агентликнинг Наманган вилоят филиали директори Одил Кабилов 9 йилга, агентлик таъсисчиси Хушвақт Турдиев ва агентликнинг ўқув ишлари бўлими директори Мусурмон Алиқулов 8 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум қилинган.
Korean and migrations мутасаддилари агентликка мурожаат қилган фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборганликда гумонланаётган эдилар.
Аввал хабар қилинганидек, ушбу жиноят иши бўйича 2 372 жабрланувчи ва 4 фуқаровий даъвогар мавжуд. Терговнинг билдиришича, уларга келтирилган зарар 24 миллиард 200 миллион сўмни ташкил қилади. Дастлабки тергов даврида бу зарарнинг 13 миллиард 300 миллионини қоплаш чораси кўрилган.
Судланувчиларга Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича айблов қўйилган.
“Korean and migration” раҳбарларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик 2019 йил 10 ноябрида хабар берган эди.