Беларуснинг Бишкекдаги элчихонаси биноси олдида 14 сентябрь куни “Бир дунё - Қирғизистон” инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан уюштирилган акция бўлиб ўтди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.
Элчихона биноси олдига плакатлар кўтариб келган 10 чоғли киши Беларусдаги норозиларга қарши таъқиб-тазйиқни тўхтатишни талаб қилди.
“Бир дунё - Қирғизистон” ташкилоти раҳбари Тўлеқан Исмаилова бошқа мамлакатлардаги ҳуқуқ фаолларини Беларусь фуқароларини дастаклашга чақирди. У парламент сайловини ўтказишга ҳозирланаётган Қирғизистон ҳукумати Беларусда содир бўлаётган воқеалардан сабоқ олишини лозимлигини ҳам қайд этди.
Акция ярим соатча давом этди. Намойишчилар олдига элчихонадан ҳеч ким чиққани йўқ.
Беларусда 9 август куни бўлиб ўтган президент сайловидан сўнг юз минглаб одам Александр Лукашенконинг истеъфога кетиши, сиёсий маҳбуслар ва намойишлар чоғида қўлга олинганларнинг озод этилишини талаб қилиб, норозилик акциялари ўтказмоқда.
Беларусь Ички ишлар вазирлиги 13 сентябрь, якшанба куни бўлиб ўтган норозилик намойишлари иштирокчилари сони 22 минг нафар (улардан 15 минг нафари Минскда) бўлгани ҳақида маълумот тарқатди. Кузатувчилар ва гувоҳлардан олинган турли маълумотларга кўра эса, биргина Минск шаҳрида кеча кўчаларга 150 нафаргача одам чиққан.
Беларусь ИИВнинг билдиришича, 13 сентябрь куни жами 774 киши қўлга олинган, улардан 544 нафари ҳисбхоналарда суд қилинишини кутиб ўтирибди.