Берлиндаги “Шарите” касалхонаси расмий баёнотида Россия мухолифати лидери Алексей Навальнийнинг аҳволи яхшиланаётгани қайд этилди. Немис шифокорларига кўра, Навальний сунъий нафас олдириш аппаратига эндиликда эҳтиёж сезмаяпти, унга қисқа муддат ўрнидан туришга рухсат берилган.
Баёнотда таъкидланишича, Навальнийнинг аҳволи тўғрисидаги маълумот бемор ва унинг хотини рухсати билан тарқатилмоқда.
Аввалроқ бир қатор немис нашрлари Алексей Навальний деярли соғайгани ва ўзининг заҳарланиши билан боғлиқ воқеаларни эслай олиши ҳақида хабар берган эди.
Айни пайтда мутахассислар Навальний “Новичок” кимёвий заҳарли моддасининг янада хавфлироқ бўлган янги тури воситасида заҳарланганини аниқлаганлар.
Душанба куни Франция ва Швециядаги яна икки мустақил лаборатория Германия мутахассисларининг Навальний “Новичок” заҳарининг янги тури воситасида заҳарлангани тўғрисидаги хулосасини тасдиқлади. Шундан сўнг Франция президенти Эммануэл Макрон Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот ўтказиб, Кремлдан Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан тушунтириш берилишини талаб қилди.
Расмий Москва Россияда олинган таҳлилларда заҳар асоратлари топилмагани ҳақидаги иддаоларига таянган ҳолда, Навальнийнинг заҳарланганига оид фактни рад қилмоқда. Айни пайтда Россияда Навальнийнинг заҳарланиши бўйича жиноят иши қўзғатилган эмас.
20 августда Томскда заҳарланган Алексей Навальний 22 августда даволаниш учун Берлиннинг “Шарите” касалхонасига кома ҳолатида олиб келинган эди.