Россия Беларусга 1,5 миллиард доллар қарз берадиган бўлди

Путин августдаги сайловдан сўнг Лукашенкони биринчилардан бўлиб табриклаган президентлардан бири бўлган.

Россия Беларусга 1,5 миллиард доллар миқдорида қарз беради. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Беларус раҳбари Александр Лукашенко билан 14 сентябрда Сочида ўтган учрашувда маълум қилди.

Путин Беларусда Лукашенкога қарши норозилик намойишлари тўхтамаётганига муносабат билдирар экан: “Беларуслар ўзгаларнинг иштирокисиз вазиятни ҳал қилиб олиши лозим”, - деб айтди.

Айни пайтда Путин Беларус Россиянинг энг яқин ҳамкори эканини таъкидлаб, унга Иттифоқчи давлат шартномаси ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди.

Ўз навбатида Лукашенко Путин ва Россия ҳукуматига қўллаб-қувватлаётганлари учун миннатдорчилик билдирди. Лукашенко Беларусдаги вазият ўз назоратида эканини таъкидлади.

“Бу воқеалар биз катта акамиз билан алоқаларни янада мустаҳкамлашимиз кераклигини тасдиқлади”,-деди Лукашенко.

14 сентябрь куни икки давлат ҳарбийлари Беларусь ғарбидаги полигонларда қўшма машқларни бошлаганлар. Учрашувда бу масала ҳам муҳокама қилинди ва Путин ҳарбий машқлар якунланиши билан Россия ҳарбийлари ватанларига қайтишини айтди.

Беларусда президент сайлови шу йил 9 августида бўлиб ўтган. Беларусь мухолифати ва Ғарб мамлакатлари овоз бериш чоғида кўламли сохталаштиришларга йўл қўйилганини айтиб, сайлов натижаларини тан олмаган.

Сайловдан кейинги норозилик намойишлари, хусусан 13 сентябрь куни бўлиб ўтган акция чоғида, ИИВ маълумотига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан “оммавий тадбирларга оид қонунни бузгани учун” 774 киши қўлга олинганини билдирган.

Путин августдаги сайловдан сўнг Лукашенкони биринчилардан бўлиб табриклаган президентлардан бири бўлган.