БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Беларусда Александр Лукашенкога қарши норозилик намойишлари ортидан юзага келган инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилиш учун 18 сентябрда навбатдан ташқари шошилинч йиғилиш ўтказади.
Шошилинч йиғилиш ўтказишни Германия таклиф қилган эди. Кенгашнинг 14 сентябрдаги йиғилишида Германия таклифини асосан Европа Иттифоқига аъзо бўлган 25 давлат қўллади. Филиппин ва Венесуэла бу таклифга қарши бўлди, 20 давлат бетараф қолди.
Германиянинг кенгашдаги вакили Михаэль фон Унгерн-Штернберг Беларусда президентлик сайловидан сўнг инсон ҳуқуқлари вазияти “кескин ёмонлашиб кетгани”ни айтди:
“Зўравонлик ортидан одамлар бедарак йўқолмоқда, одамлар ўғирланмоқда, қувғин қилинмоқда, ҳеч қандай асосларсиз қамоққа олинмоқда. Бундай ҳолат ҳар куни давом этмоқда”,-деди Германия вакили.
Беларуснинг кенгашдаги вакили Юрий Амбразевич бундай хулосага норозилик билдирди. Унга кўра, бу мустақил мамлакат ички ишларига тўғридан-тўғри аралашишдир.
Беларусда норозилик намойишлари 9 августда ўтган президентлик сайловида Александр Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилинганидан бери тўхтамаяпти.