Молия вазирлиги Ўзбекистон хориждан олган қарзларни қандай лойиҳаларга сарфлаётгани тўғрисида маълумот берди.
Вазирликнинг 2020 йил биринчи ярим йиллигида давлат қарзи ҳолати ва динамикасига бағишланган навбатдаги ҳисоботида таъкидланишича, давлат ташқи қарзи асосан инфратузилма, саноат ва қишлоқ ҳўжалиги лойиҳаларига йўналтирилмоқда.
Жумладан, 2020 йилнинг 1-ярим йиллиги якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 29,4 фоизи ёки 5,1 миллиард доллари энергетика соҳасига, 13,0 фоизи ёки 2,2 миллиард доллари транспорт инфратузилмасига, 12,9 фоизи ёки 2,2 миллиард доллари уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган.
Ҳисоботда қайд этилишича, 2020 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган умумий қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 19 миллиард 400 миллион доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 34,0 фоизни ташкил этган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилнинг I - ярим йиллигида давлат ташқи қарзи 1,6 миллиард долларга ёки йил бошига нисбатан 10,5 фоизга ошиб, 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига 17,31 миллиард доллар ёки ЯИМга нисбатан 30,3 фоизга етди.
Давлатнинг ички қарзи эса йил бошига нисбатан 6,2 фоизга ошиб, 2 миллиард 100 миллион долларни ташкил қилди.