Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ президенти Сума Чакрабарти Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчи этиб тайинланади. Бу ҳақда С. Чакрабарти Twitter микроблогидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
“Ислоҳотлар дастурини амалга оширишда [президент Шавкат Мирзиёевга] ёрдам бера оладиган пайтимни сабрсизлик билан кутяпман”, деб ёзди ЕТТБнинг собиқ президенти.
Сума Чакрабарти ЕТТБ президенти вазифасини 2012 июлидан 2020 йил июлигача бажарган. Июль ойида президент Ш. Мирзиёев “стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш” борасидаги хизматлари учун С. Чакрабартини “Дўстлик” ордени билан тақдирлаганди.
Сума Чакрабарти ва у бошчилигидаги делегация аъзоларига (6 киши) 2019 йил 8 июнида Хивадаги Нуриллабой саройида маҳаллий расмийлар томонидан базми жамшид уюштирилгани ҳақида аввал хабар қилган эдик.
Ўша пайтда Европа тикланиш ва тараққиёт банки матбуот хизмати раҳбари Антон Усов Сума Чакрабортининг Ўзбекистонга ташрифи хусусий бўлгани ва ташриф чоғида барча хорижлик меҳмонларга бўлгани каби ЕТТБ президентига ҳам "чуқур анъаналарга таянилган ҳолда" мулозамат кўрсатилганини айтганди.