Қашқадарё вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази 855 нафар ўқитувчи вирус юқтирганликда гумонланаётгани ҳақида маълум қилди.
“Лаборатория текширувидан ўтган 855 нафар ходим вирус юқтирганликда гумонланиб, дастлабки хулосалар берилди. Уларда коронавирус аломатлари мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлаш зарур. Шундай бўлса-да, улар зарурий дори дармон, тиббий воситалар билан таъминланиб, шифокорлар томонидан кузатувга олинди. Навбатдаги босқичда эса вирусни юқтирганликда гумонланган педагог ходимлар яна бир бор текширувдан ўтади. Бу ҳақда қўшимча маълумотлар тақдим этиб борилади”,-дейилади расмий маълумотда.
Айтилишича, шу кунгача вилоятдаги 1151 та мактабда ишловчи 55 562 нафар ўқитувчининг 32 892 нафаридан вирус таҳлиллари олиб ўрганилди.
14 сентябрь куни “Дарё” нашри вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдуғани Ҳимматов Қашқадарё вилоятида 855 нафар мактаб ходимида коронавирус аниқланганини тасдиқлагани ҳақида хабар берган эди.
Қашқадарё вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг мазкур баёноти Абдуғани Ҳимматов берган маълумотга раддиядир.
Қашқадарё вилоятида 15 сентябрь ҳолатига кўра, расман жами 1034 ҳолатда “COVID-19” билан касалланиш кайд этилди. Беморлардан 958 нафари соғайди, 13 нафари вафот этди.