Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш ишлари қайта жонланди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълум қилди.
Расмий билдирувда айтилишича, икки давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳи навбатдаги учрашувни ўтказди.
Учрашув чоғида Жалолобод вилоятининг Олабуқа ва Ахси туманларида Ўзбекистон билан баҳсли бўлиб турган ҳудудлар, шунингдек, 2017 йилнинг 5 сентябрида имзоланган чегара шартномасида қайд этилган ҳудудлар кўздан кечирилган.
Хабарда учрашув натижасида томонлар ўзаро муросага келдилар, деб айтилади. Бироқ айнан қайси масалада муросага келингани айтилмади.
24-27 август кунлари Қирғизистон ҳукумати делегацияси чегара масаласида Тошкентда музокаралар ўтказган эди. Ўшанда Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Акрам Мадумаров коронавирус пандемияси оқибатида икки давлат ўртасидаги чегарани аниқлаш ишлари тўхтаб қолганини билдирган.
1378 километрли Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг 1170 километри, яъни 85 фоизи аниқланган. Чегаранинг яна 10 фоизи юзасидан келишувга эришилгани хабар қилинган. Чегаранинг 5 фоиз ҳудуди эса ҳозирча икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб қолмоқда.