Ўқитувчиларида COVID-19 инфекцияси аниқланган икки мактаб карантинга олинди

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 40- ва 262-сонли мактаблар фаолияти эҳтиёткорлик ҳамда хавфсизлик мақсадида Маҳаллий кенгаш қарори билан куни кеча вақтинча тўхтатилган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Халқ таълими вазирлигига кўра, мазкур мактабларнинг ёпилишига уларда фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларда коронавирус инфекцияси аниқлангани сабаб бўлган.

ЖССТ мазкур вирус 2 йилгача чекинмаслигини прогноз қилганини қайд этган ХТВ ўз хабарномасида “бугун ҳар биримиз ушбу вирус билан яшашга, ҳеч қандай хавотирга тушмасдан ҳаёт тарзимизни давом эттиришга ўрганишимиз лозим”, дея таъкидлаган.

Вазирлик Маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан қабул қилинган мактабларни ёпиш ёҳуд очиш тўғрисидаги қарорлар у ёки бу мактаб жамоаси ва ўқувчилари саломатлигини ўйлаб амалга оширилишини қўшимча қилган.

Шу боис ўқитувчиларимиздан ҳам, ота-оналардан ҳам бундай ҳолатларда ортиқча хавотирга тушмаслик, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда, одатий ҳаёт тарзини давом эттиришларини сўраб қоламиз”, дейилади хабарномада.

ХТВга кўра, карантинга олинган мактаблар дезинфекция ишлари амалга оширилганидан сўнг Маҳаллий кенгаш депутатлари қарори билан яна ўз фаолиятини тиклайди.