Президент Шавкат Мирзиёев 14 сентябрда “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарор имзоланишидан қарийб бир ой олдин - 17 августда Президент раислигида шу масалага бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган, унда “хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими”нинг 6 асосий йўналиши ҳақида сўз бўлган эди.
14 сентябрда имзоланган қарорга биноан Ўзбекистондан 2021 йилдан хорижга ишлагани кетаётган фуқаролар учун мажбурий касбий таълим тизими яратилади, ўзини ўзи банд қилганлар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби жорий этилади.
Россиядаги миграция мутахассислари ташқи меҳнат миграцияси соҳасида Ўзбекистонда жорий этилаётган ўзгаришларга ўз муносабатларини билдиришди.
Президент Мирзиёев имзолаган қарорда:
- меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган кам таъминланган оила аъзоларига микроқарзлар бериш;
- чет давлатларда ҳужжатсиз, маблағсиз мураккаб аҳволга тушган 10 мингга яқин ўзбекистонликка 446 минг сўмдан (тахм.40 долл) бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш;
- Россия, Қозоғистон ва Туркияда меҳнат қилаётган фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун юристларни жалб этиш, хусусан Россия Федерациясида “Call-марказ” ташкил қилиш;
- 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ваколатхонасини очиш ҳамда бу ваколатхонада ишга рухсатнома - патент бериш хизматини ташкиллаштириш;
- 2021 йил 1 январга қадар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Екатеринбург, Новосибирск, Самара, Уфа, Чимкент ва Истанбул шаҳарларида ваколатхоналарини очиш;
- дипломатик ва консуллик муассасалари ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари ҳузурида хориждаги ватандошлар, йирик иш берувчилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига мунтазам равишда ёрдам кўрсатиб келаётганлар иштирокида Маслаҳат кенгашларини ташкил этиш назарда тутилган.
Мавзуга алоқадор Муносабат: Президент қарори Ўзбекистоннинг арзон ишчи экспортчиси эканини тан олишдир!Шунингдек, 2021 йилнинг 1 январидан Ўзбекистонда хорижга ишлашга кетаётган мигрантлар учун мажбурий касбий таълим тизими киритилади.
Президент имзолаган янги ҳужжатда ҳозирда мавжуд касб таълимига йўналтирилган марказлардан ташқари 13 та “Ишга марҳамат” мономарказлари, 30 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, 11 та Тошкент шаҳри туманларидаги қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари ҳамда 136 та маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ишга солиниши белгиланди.
Хусусан, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун 13 коллеж ва 13 билим юрти негизида хориж тилларини ўқитиш курслари ташкил этилади.
2020-21 ўқув йилида бу курсларда 74 минг одамга таҳсил бериш режалаштирилди. Бу мақсадларга Ўзбекистон ҳукумати 95 миллиард сўм пул ажратиши белгиланди.
Шунингдек, ушбу курсларда йирик чет эл иш берувчи компаниялар ва хусусий агентликлар талабларига мувофиқ малакали мутахассислар тайёрланади.
Қарорда айтилишича, курсларнинг ўқув режалари жумладан Россия, Туркия, Япония, БАА ва бошқа давлатларнинг йирик ширкатлари талабларига мослаштирилади. Ўқув дарсларини олиб боришга Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги мамлакатнинг энг илғор билим юртлари ўқитувчилари ва хорижлик мутахассисларни жалб этиши кўзда тутилди.
Ундан ташқари, келаси 2021 йилда республиканинг қатор минтақаларида “Ишга марҳамат” мономарказларида қатор таълим курслари ишга туширилади. Хусусан, Тошкентда “Япон тили ва касбий малакалар” тест маркази, Фарғонада пайвандчилар мактаби, Гулистонда эса персонални ўқитиш таълим маркази очилиши режалаштирилгани айтилмоқда.
Ўзбекистонда миграция соҳасида жорий этилаётган янги тартибга кўра, 2021 йилнинг 1 январидан легал меҳнат қилаётган мигрантлар “ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларига тенглаштирилади” ҳамда ушбу шахсларга “ўзини ўзи банд қилганлар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби” қўлланилади.
"Бундай тизим мутахассислар муҳокамасидан ўтиши керак!"
Миграция соҳаси мутахассислари ушбу тизимга қандай муносабатда? Ўзбекистон миграция соҳасида жорий этаётган бу тартиблар қандай натижа бериши мумкин?
Озодлик бу саволларни Россияда фаолият юритаётган миграция соҳаси мутахассисларига берди.
Тверь шаҳри ва вилояти Ўзбеклар миллий-маданий маркази раҳбари Абдукарим Отажонов таклиф этилаётган тизимни жорий қилишга ҳали эрта, деган фикрни билдирди.
- Ҳозир ишга бораётган одамларни тинч қўйиб туриш керак, уларнинг ҳаловатини бузишнинг нима кераги бор?! Навбатдаги лойиҳапарастлик ва хомхаёллик эмасмикин бу? Бош оғриғи сабаби - бошда дўппи йўқлигида, уни сабабини ўрганиш лозим. Бу масалаларни ким муҳокама қилди, кимдан фикр сўралди!? Рус тилини кимлар ўқитади ва 3 ойда тил ўрганиш мумкинмикан? Бандлик агентликлари ташкил этилган эди - ҳаммаси коррупцияга ботиб, одамларнинг шўрини қуритиб кетдику. Уларни ўрнини ҳокимликлар эгаллайдими?
Масалан, 40 доллар берилаяпти экан: ким тарқатади, бу пуллар олингани ва унга муҳтожлигини ким текширади? Улар Россияда қанча одам борлигини билишмайдику! Пандемия пайтида 100 доллардан пул берилибди - ким олди уни? Муҳожирлар бу пулларга муҳтож ҳам эмас. Ҳар бир меҳнат муҳожири социал налог, тиббий налог, нафақа жамғармасига иш берувчи тўлаяпти, ишловчи эса алоҳида тўлаяпти - патент чекини, нафақани, ижтимоий солиқни ва яна бир балоларни тўлаяпти. Унга Ўзбекистонда ҳам солиқ солишса муҳожирга бўлган босимку. Шу сабабдан улар участковойга, полицияга, ГАИга пул бериб, нелегал бўлиб юришга мажбур. Истаган давлат нозири бечора муҳожирларнинг қўлидаги пулига шерик бўлиб турибди. Ўзбекистон ҳукумати миллионлаб одамларнинг хорижда ўз нонини топиб юрганига катта шукур қилиши керак!
Migrant.mobi портали асосчиси, миграция соҳаси юристи Ботиржон Шермуҳаммад жорий этилиши эълон қилинган тизим кўплаб саволларни туғдирмоқда, дейди:
- Россияда “самозанятий”, яъни ўзини ўзи банд қилган шахслар олган даромадидан солиқ тўлайди. Бу патент системаси эмаску - “ишласанг ҳам, ишламасанг ҳам тўлайсан” дегани учун. Улар мигрантнинг топган даромадидан солиқни қандай ҳисобламоқчи, нимадан келиб чиқади? Қарорда кўп нарсалар “қиламиз” дейилган - юристларга берамиз, онлайн платформа ва “Call-марказ” тузамиз - жуда кўп нарса айтиб ўтилган! Лекин уни амалга ошириш механизми умуман йўқ! Кўп фармонлар , олдин чиққан нарсалар қайтарилаяпти. Бунақа катта масалада бир-икки ой тайёргарлик кўриб, мутахассисларни йиғиб, экспертиза қилиб, олиб чиқилмайдими?! Шошма-шошарлик билан бўлаётган ишларга ўхшайди. Бу таклифлар ҳаммаси яхши, тўғри, лекин ваколатхоналар 4 йил олдин очилиши айтилган эди. Ўтган йили болалар ёниб кетганида Қозоғистон йўлида ваколатхона очиш, автобусларни йўлга қўйиш, кредитларни бериш кўтарилганди. Бирорта давлат автобусини кўрдингизми сиз шу пайтгача? Президент фармонларини амалга оширишга 2-3 йил камида кетяпти.
Пул тарқатиш масаласида... Бор пулларни тарқата олмаяптику! Масалан, “Меҳр.рф”даги пуллар турибди тарқатилмасдан. Мени таклифим - ҳар бир давлат ташкилоти қошида битта жамоат кенгаши бўлиши керак. Жамоатчилик вакиллари ва мутахассислардан иборат. Президент фармони чиқмасидан олдин “Мана бу тартиб ишлайдими йўқми? Текшириб беринглар!” деб сўралмайдими?!
Айни дамда, Россия Ички ишлар вазирлиги Россияга ишлашга келаётган муҳожирлар даромадига аванс солиғини солиш таклифи билан чиқди. “Новости” агентлиги хабарича, меҳнат муҳожирларидан Россияга киришда бармоқ излари олинади ва уларнинг ҳар бири ID-карталар билан таъминланади.
Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги расмий хабарига кўра, мамлакатнинг 2,5 миллион аҳолиси меҳнат миграциясида, уларнинг 2 миллиони - Россияда. Расмий маълумотларга биноан, Россияда ишлаётган мигрантлар сони бўйича ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари кўп йиллардан бери биринчиликни эгаллаб келмоқда.
Ўзбекистон Марказий банки 2020 йилнинг биринчи 8 ойи давомида Ўзбекистонга хориждан 3,7 миллиард доллар миқдорида маблағ ўтказилганини очиқлади.