Россиянинг Самара вилояти Кинель туманида яна 4282 нафар ўзбекистонлик муҳожир йиғилиб қолди, улар чегара ёпиқлиги туфайли юртига кета олмаяптилар. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги Самара вилояти ҳукумати матбуот хизматидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар тарқатди.
Қайд этилишича, ўзбекистонликлар учун очиқ майдонда чодир лагери қурилган, сув етказиб бериш, озиқ-овқат ва эҳтиёж учун энг зарур моллар савдоси ташкил қилинган ҳамда фуқаролар хавфсизлиги таъминланган.
Ўзбекистон расмийлари 12 ва 14 сентябрь кунлари поездларда 1,5 минг чоғли муҳожирни олиб чиқиб кетган, кейинги поезд эса 19 сентябрь куни етиб келиши кутиляпти.
Лагердаги одамлар яйдоқ ер устига тикилган чодирларда яшамоқда. Маҳаллий аҳоли вакиллари муҳожирлар учун ёрдам ташкил этишган, улар лагерда йиғилганлар учун дори-дармон ва озиқ-овқат, адёл ва иссиқ кийимлар сотиб олиб беришяпти.
Коронавирус пандемияси бошланганидан кейин Россиядаги муҳожирларнинг кўпи ишсиз ва пулсиз қолган, шу важдан улар ватанларига қайтишга қарор қилишган. Баҳордан бери Россия-Қозоғистон чегарасида уйларига етиб олиш умиди билан ўзбекистонлик, қирғизистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар йиғилиб қоляпти. Аммо улар чегарадан расмийлар Қозоғистон орқали транзит ҳақида келишиб олганларидан кейингина ўтказиляпти.
Аксарият ҳолларда муҳожирлар юртларига гуруҳ-гуруҳ шаклида автобус, учоқ ва поездларда олиб чиқиб кетилмоқда.