Тошкентда Жанубий Корея билан ҳамкорликда юқори технологияга асосланган замонавий онкология тиббиёт маркази бунёд этилади. Бу ҳақда 16 сентябрь куни соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Корея тиббиёт ассоциацияси илмий-текшириш қўмитаси раиси Цой Чже Ук учрашуви чоғида маълум қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, онкология тиббиёт маркази Тошкентда Корея лойиҳаси асосида барпо этилган Болалар миллий тиббиёт маркази жойлашган ҳудудда барпо этилади. Бундан ташқари бу ерда тиббиёт олийгоҳи ҳам ташкил этилади.
“Корея билан ҳамкорликда ташкил этилаётган тиббиёт олий ўқув юрти ва онкология маркази ҳам шу ҳудудда жойлашиб, йирик тиббиёт коплекси ташкил этилиши маълум қилинди. Шу орқали тиббиёт тизимининг ҳам илмини, ҳам амалиётини энг илғор стандартлар даражасига кўтариш кўзланмоқда”,- дейилади расмий хабарда.
Мулоқот давомида коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни самарали даволаш ва уларнинг хасталикдан тезроқ фориғ бўлишлари учун юқори тиббий технологиялардан унумли фойдаланишни янада кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.