Кремль мухолифат лидери Алексей Навальнийнинг заҳарланиши воқеаси “Шимолий оқим-2” лойиҳасига таъсир кўрсатмаслиги лозим, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда 16 сентябрь куни президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан телефон орқали ўтказган матбуот анжумани пайтида билдирди.
Песковга кўра, “Шимолий оқим-2” бизнес лойиҳадир ва уни сиёсийлаштирмаслик лозим. “Бу лойиҳа Россия ва Европа Иттифоқи, биринчи навбатда Германия манфаатларини қамраб олади”,-деди Песков.
Германия “Шимолий оқим-2” лойиҳасининг тарафдори бўлиб келган эди. Бироқ мухолифатчи Алексей Навальний Россияда заҳарлангани юзасидан тахминлар тасдиқлангани ортидан канцлер Ангела Меркель ҳукумати жамоатчиликнинг босими остида қолди. Жамоатчилик немис ҳукуматидан Россиядан Германияга газ етказиб берувчи “Шимолий оқим-2” лойиҳасидан воз кечишни талаб қилмоқда.
Украина, Польша, Эстония, Латвия ва Литва мазкур лойиҳага қарши чиқмоқда. АҚШ ҳам лойиҳани санкциялар жорий этиш йўли билан тўхтатишга ҳаракат қилган.
44 ёшли Навальний 20 август куни Россиянинг Томск шаҳридан Москвага қайтаётганида комага тушиб қолган ва 22 августда Берлиндаги “Шарите” касалхонасига олиб келинган эди.
Немис экспертлари ўтказган тестлар натижасида Алексей Навальний Новичок гуруҳига кирувчи модда билан заҳарлангани аниқланган.
Бир неча кун олдин немис шифокорлари Навальний хушига келганини билдирган. 15 сентябрь куни Алексей Навальний Инстаграмдаги ўз саҳифасида заҳарланганидан кейинги илк постини ёйинлади.