Босния ва Герцеговина ҳукумати 1992-1995 йилги Болқон уруши пайтида 44 нафар мусулмоннинг ўлдирилишига алоқадор бўлган 9 нафар этник серб қўлга олинганини билдирди.
Босния сербларидан бўлган бу 9 кишининг барчаси собиқ офицерлардир. Улар Соколаца туманида мусулмонларни қатлиом қилишни режалаштириш ва иштирок этишда гумонланмоқда.
Расмий баёнотда айтилишича, босниялик серблардан иборат қуролли гуруҳ 1992 йилнинг сентябрида Новосеочи қишлоғини босиб олган. Улар қишлоқдаги барча эркакларни чиқиндихонага олиб бориб отиб ташлаган. Аёллар ва болаларни эса қишлоқдан ҳайдаб чиқарган.
Кейинроқ мазкур гуруҳ қишлоқдаги масжидни бузиб, қатл этилган мусулмонларнинг жасадлари устига ташлаган. Қатл қилинган эркакларнинг ёши 14дан 82гача бўлган. Улар орасида бир аёл ҳам қатл қилинган.
Прокуратуранинг билдиришича, босниялик сербларнинг собиқ қўмондони Радислав Крстич ҳам қатлиомда гумонланмоқда. Польшада 35 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Крстич ҳам тергов доирасида сўроқ қилинади. У геноцидга алоқадорликда айбланиб Югославия бўйича БМТ трибунали томонидан судланган.
Босния ва Герцеговина ҳукумати қатлиомда гумонланаётган яна бир шахс Канадада яшаётганини, унинг экстрадиция қилинишига эришилишини билдирди.
Боснияда серблар, мусулмонлар ва хорватлар ўртасидаги урушда юз мингга яқин одам ҳалок бўлган.