Аёл эрини қийнаб ўлдирган ички ишлар ходимларини суд залидан озод қилишни сўради

Иллюстратив сурат.

“Чироқчида ИИБ ходимлари томонидан уриб ўлдирилгани айтилган 32 ёшли Юсуф Абдураҳмоновнинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиева суд ҳайъатидан судланувчилар — Нурбек Овлаев ҳамда Анвар Жонқобиловларни кечириб, суд залидан озод қилишни сўради”, -деб хабар берди суд мажлисида қатнашган “Дарё” сайти мухбири 17 сентябрь куни.

Хабарда айтлишича, Гўзал Абдиева судда судланувчиларнинг болалари ва оила аъзоларини “ўйлаган ҳолда” мана шундай қарорга келганини айтган.

“Кўзим олдига шуларнинг фарзандлари келяпти. Уларнинг дадам қачон келади, дадам қачон келади, деган гапи эшитиляпти. Менинг фарзандларим отасини йўқотди. Отасининг меҳрига зор бўлди. Лекин буларнинг фарзандлари отасини кутиб турибди. Ҳозир бу ерда буларнинг оналари қанчалар эзиляпти. Майли, мен Худога солдим, Худо кўрсатсин. Президентимиз қанчадан қанча инсонларни кечиряпти. Наҳотки, мен шу икки инсонни кечиролмасам”,- деб иқтибос келтирган Гўзал Абдиева сўзларидан нашр.

Шундан сўнг Абдиева суддан эри ўлимига сабаб бўлган ички ишлар ходимларини суд залидан озод қилишни сўраган.

Мазкур жараён Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида Ўзбекистон Олий суди судьяси К. Толлибоев раислигида бўлиб ўтмоқда.

Юсуф Абдураҳмонов шу йил январь ойида мол ўғирлашда гумон қилинган ва Чироқчи туман ИИБга олиб келинган. У ИИБ биносида калтакланишлардан вафот этган эди.

Жорий йил 30 майда эса Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимида қийноққа солинган 32 ёшли Алижон Абдукаримов комага тушиб қолгани ва 11 июнь куни вафот этгани хабар қилинганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнда ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Андижон ва Чироқчида фуқаролар ички ишлар идораларидаги қийноқлар ортидан вафот этганини кескин танқид қилди.