Ўзбекчилик, Гонорарсиз драматург ва “Экспорт маҳсулоти”га айланаётган мигрантлар ҳақида

Тошкентлик драматург Санжарали Имомов коронавирус карантини жорий этилиши биланоқ шаҳарни тарк этиб, оиласи билан Ғазалкентдаги дала ҳовлисида жон сақлади. Куни кеча шаҳардаги уйига қайтган адибни OzodNazarга таклиф қилиб, ундан шаҳарда юз берган ўзгаришларни сўрадик.

Эшиттиришнинг бугунги сони одатдагиларидан фарқ қилади: суҳбат Фейсбук мессенжерида ёзиб олинди, аудиоверсияси йўқ.

- Санжарали ака, коронавирусдан ўзингизни ва оилангизни сақлаш учун ёзни шаҳардан ташқарида ўтказиб, Тошкентга қайтдингиз. Шаҳар жойида турибдими? Нима ўзгариш сездингиз?

- Шаҳар тинч...бироқ одамлар чеҳраси маънисиз. Кулишмайди ҳам, ҳафақонлик ҳам йўқ. Одатдагидек ҳамма нарҳ-навони осмондалиги, топиш-тутишнинг жуда кам эканидан норози. Телевизорга қарасанг "Ислоҳотлар амалда" деб бонг уришмоқда.

- Қўни-қўшнилар тинчми? Вирус ҳеч кимга юқмабдими?

- 5-6 қўшнимиз Ковиддан вафот этишибди...

- Ковиддан эканлиги аниқми? Ёшлари нечада уларнинг?

- Кўпи кексалар эди. Лекин ҳасталикдан кетадиган аҳволда эмасдилар...

- Уларга Ковид-ташҳис қўйилгани аниқми ёки шунчаки миш-миш гапми?

- Очиғи қўшнилар аввалги каби гурунг қилиб кўча-кўйда ўтирганларини ҳали кўрмадим.Б иттаси аниқ шу ташҳисдан вафот этганини биламан... Яна бир томони - авваллари маҳаллада нари борса йилда икки-уч жаноза бўларди. Ҳозир ойига ўшанча бўляпти.

- Бояроқ одамларнинг кайфияти ҳақида айтган эдингиз. Улар ўзларини эҳтиётлаётгани сезиладими ёки кўпга келган тўй деган бепарволик бошланганми?

Дакки берсангиз "Ўзбекчилик бизга бўлаверади. 40 йил қирғин бўлса ажали етган ўлади"ни пеш қилаверадилар.

- Пойтахтликларга ҳайронман... Кўчада, айниқса бозорларда профилактика қоидаларига унча эътибор беришмаяпти. Дакки берсангиз "Ўзбекчилик бизга бўлаверади. 40 йил қирғин бўлса ажали етган ўлади"ни пеш қилаверадилар. "Ўзбекчилик" номини паст назар билан ерга уришни қачон бас қилар эканмиз. Ахир "немисчилик" ё "япончилик "деб ўзга юртдагилар миллатини бундай ерга урмасалар керак?!

- Шахсан Сизда, агар вирус юқиб қолса, албатта тузалиб кетаман, дўхтирлар бор, сақлаб қолишади, деган ишонч борми?

- Ўзимга келсак... Очиғи, оиламда иккита врач бор, аёлимнинг уруғ-аймоғи аксари врач. Опаларим дурустгина табиб. Лекин шунда ҳам кафолат ҳеч ким бера олмаса керак? Чунки аввало бу вабога вакцина топилмаган. Ундан кейин мамлакатда врачлар малакаси жуда паст даражада. Учинчидан, касбга садоқат, маъсулият, ҳалоллик каби тушунчалар йўқ даражага келиб қолган. Мана мисол: Бир масъул тиббиёт ҳодими телевизордан "давлат пандемияга тайёр эмас" деган гапи учун ишдан олинибди.

- Вирусдан қочиб, ёз давомида жон сақлаганингиз дала ҳовлингиз жойлашган ҳудуд - Ғазалкентдаги вазият қандай?

- Ғазалкентда бу борада аҳвол дурустдек. У ерда назорат пойтахтга қараганда кучли. Аммо шаҳар атрофидаги дала ҳовлилар, қишлоқ, овулларнинг кўп қисмига экин майдонларидан чиққан оқова сув, аҳоли ичадиган каналга оқизилмоқда. У ерда пандемиядан кўра, сувдан заҳарланиш тахликаси юқори.Унутай дебман... Норасмий маълумотга кўра, бир неча кунлар аввал Тошкентда кунига 800 киши хасталик юқтираётган хабари келди. (OzodNazar эшиттириши бу маълумотни қўшимча текширгани йўқ - Сарвар Усмон) Шифохона коридорларига хасталар тўлиб кетгани ҳақида гапиришаяпти одамлар. Зангиота туманида эса касалликни даволайдиган янги корпус битганига анча бўлиб қолган. Бироқ ваҳима кўпаймасин деган маънода у ерга ҳануз беморлар қабул қилинмаётган экан.

Мавзуга алоқадор Шаҳрисабз Давлат музей-қўриқхонаси экспонатлари қалбаки эмаслигини аниқлаш мақсадида текширув бошланди

- Бошқа мавзуларга ўтамиз. Озодлик куни кеча Шаҳрисабз Давлат музей-қўриқхонасидаги вазиятни ўрганиб, мақола эълон қилди. Мақола мавзусига ҳозир тўхталиб ўтирмоқчи эмасман. Мени бошқа нарса қизиқтиряпти. Музей директори Наби Хушвақтов мухбиримизга бундай деди:

"Мен каби фан номзоди институтда ишласа камида 7,5 миллион сўм ойлик оляпти. Илмий даражаси фан номзоди бўлган музей директори эса 1 миллион 800 минг сўм ойлик оляпти. Чегарани қўриқлаëтган ходим 8 милион ойлик олади. Миллий бойликни қўриқлаëтган илмий ходим эса 1 миллион 300 минг. Тош-тарози бузилмадими? Ўзбекистон музейларидаги 4 ярим миллионта экспонатни кўз қорачиғидай асраëтган ходимга нега энг оз ойлик маош берилади? Сиз драматург сифатида маданият ходимлари ҳаётидан хабардор бўлишингиз керак. Нега бу қадар эътиборсизлик?

Ўзбекистонда драматурглар умуман қалам ҳақидан маҳрум. Бу гапни осмондан эмас, ўз бошимдан ўтказиб айтяпман.

- Ҳар қалай ойлик номи бор эканку?! Масалан, Ўзбекистонда драматурглар умуман қалам ҳақидан маҳрум. Бу гапни осмондан эмас, ўз бошимдан ўтказиб айтяпман. Ўз вақтида бу муаммони даъво аризаси киритиб Маданият вазирлигини, "Ўзбектеатр", ИИБ ва Ўзбек Миллий Академик Драма театрини саҳналаштирилган тўртта асарларим бўйича судга берганман.

- Суд нима билан тугаган?

-Асли барча номдор драматургларимиз менга шикоят билан "Сиз оддий драматург эмас, айни пайтда юрист ҳамсиз. Бирор чора тополмайсизми?" дейишганди. Уларга бунинг йўли судга бериш дегандим. Ҳаммалари судлашишга тайёр эканликларини билдиришди. Мен ҳужжатларни судга тайёрлаган пайтда драматургларимиз устига айғир ирғишлаётган байталдек ҳар тарафга қочишди. Судда эса муаллифлик иши тажрибада биринчи бор кўрилаётган эди. Судьянинг ўзи мендан консультация оларди. Жавобгар шўрликларнинг бири Миллий театр "биз давлат бюджетидаги муассасамиз, гонорарни вазирлик тўлаши керак" деса, вазирлик "театр ўзи спектакль қўйдими, қалам ҳақини ўзи тўлайверсин. Биз театрга буюртма бермаганмиз" деб "футбол" ўйнашди. У бечоралар ҳам не қилсин?! Давлат ҳазинасида каламушлар ҳасса таянгач, суд муаллифни "ёзма ариза билан мурожаат этмаган" деб даъво аризамни рад этган

- Шундай қилиб, тўрт асарингизга Академик театрдан қалам ҳақи ололмадингизми?

- Гап-сўзимдан у қадар гўл одамга ўхшамасам керак."Юрист қилни қирқ ёради" деган гап борку! Судда ютқазганимдан кейин, йўлини қилиб Академик театрнинг бош бухгалтерини никоҳлаб олдим. Ниҳоят у шўрлик эрининг қалам ҳаққини ундириб беришга мажбур бўлди. Мана сизга "мана ман" деган театрнинг аҳволи. (кулади)

- Гап маданият ходимларининг маошидан бошланган эди. Сиз вирусдан қочиб дала ҳовлида яшаб юрганингизда Миллий театр тўрт артистидан ажралди. Улардан оиласига "тўртта сўм" қолдими театрдан орттирган?

- Драматик актёрлар унча шикоят қилмасалар ҳам бўлади. Унвонларига, малакаларига қараб 4-5 миллион сўм маош олсалар керак. Қолаверса, уларда тўй- ҳашам бор, баъзи таниқлиларига кинофильмлардан оз-моз пул тушади. Лекин режиссёр, пардозчи, рассом, композиторлар чақа пулга ишлашади.

- Демак, аниқ билмайсиз?

- Аниқ эмаску ҳозир айтган ижодкорлар жуда кам маош олишларини ўзларидан эшитганман.

- Миллий театр бухгалтерини никоҳимга олганман, дедингизку? Айтмайдими кеннойим?

- Собиқ...

- Демак, Миллий театр артистлари "экспорт маҳсулоти"га айланиб кетишдан қўрқмасаям бўлаверади? Мен бежиз бундай демаяпман. Куни кеча Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги шўъба бошлиғи Одилжон Комилжонов "меҳнат миграцияси экспортнинг бир тури" деди.

- Бунга ҳайрон қолмасак ҳам бўлади... Бора-бора бутун мамлакат ер осткию устки бойликлари одамларига қўшиб биратўла экспорт бўб кетса керак. Фақат президент импорт қилинадиёв... Қай маънода ҳозирги президент ўзимизда етилгану, лекин четдан импорт қилингандек туюлади.

- Кутилмаган фикр?

- Фикр кутилмаган бўлиши мумкин. Бироқ реалликдан йироқми? Ўзингиз нима деб ўйлайсиз Сарвар ака?..

ТАМОМ