БП: Дарс пайтида тўсатдан вафот этган жиззахлик ўқувчи ўлими юзасидан суриштирув бошланди

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида жойлашган 11-умумтаълим мактабида ўқув йилининг илк кунида (14 сентябрь) 9-синф ўқувчиси бўлган қиз дарс вақтида тўсатдан вафот этганлиги юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси Телеграмдаги ўз расмий канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ўқувчи қизнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Дастлабки маълумотга кўра, марҳуманинг ўлимига ўткир нафас юрак-қон томир етишмовчилиги тез ва қисқа вақт ичида юзага келганлиги сабаб бўлган”, дейилади БП хабарномасида.

Айтилишича, 3-соатда ҳушидан кетиб қолган ўқувчи қизга шу куни 1-синф ўқувчиларини эмлаш учун мактабга келган “Хаваслик” қишлоқ врачлик пункти врачлари биринчи ёрдамни кўрсатишиб, ўпка-юрак реанимациясини амалга оширишган. Шунингдек, қизга ташқи юрак массажи қилинган ва сунъий нафас берилган. Бироқ бу ҳаракатларнинг ҳеч бири самара бермаган.