Европарламент Лукашенкони ноябрь ойидан бошлаб легитим президент ўлароқ тан олмоқчи эмас

Европарламентнинг мажлислар зали.

Европарламент Александр Лукашенконинг давлат раҳбари сифатида амалдаги муддати (2020 йил 5 ноябри) тугаганидан кейин уни Беларуснинг легитим президенти, деб тан олмайди. Бу ҳақда ЕИ қонун чиқарувчи органининг август ойидаги президент сайловидан сўнг Беларусда юзага келган вазият бўйича 17 сентябрь куни қабул қилган резолюциясида айтилган.

Мазкур ҳужжат учун европалик депутатларнинг 574 нафари ёқлаб, 38 нафари қарши овоз берган, яна 82 нафари эса овоз беришдан тийилган.

ЕИ Кенгашининг аввал белгиланган позициясига мувофиқ, депутатлар расмий Минск томонидан очиқланган “президент сайлови” натижаларини тан олишдан бош тортишларини урғуламоқдалар. Уларга кўра, мазкур сайлов халқаро стандартларни қўпол равишда бузиш билан ўтказилган.

Европарламент Беларусь расмийларининг тинч намойишчиларга қарши зўравонлик ва репрессив усуллардан фойдаланаётганини қаттиқ қоралайди, бу таъқиб-тазйиқларни зудлик билан тўхтатишга ҳамда сиёсий сабабларга кўра сайловгача ва сайловдан кейин қўлга олинганларнинг барчасини озод қилишга чақиради.

Европалик депутатлар Беларусда мухолифат томонидан ташкил этилган ҳокимиятни топшириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоларига нисбатан таъқибни ҳам қоралайди. Европарламент бу кенгашни эркинлик ва демократик ўзгаришлар тарафдори бўлган Беларусь халқининг муваққат тамсилчиси ўлароқ олқишлайди. Резолюцияда расмий Минск Мувофиқлаштирувчи кенгаш раёсати аъзолари бўлган Лилия Власова, Максим Знак, Сергей Дулевский ва Мария Колесниковани зудлик билан озод этишга чақирилган.

Беларусда президент А. Лукашенкога қарши норозилик чиқишлари август ойида ўтказилган сайловдан сўнг бошланган, бундай оммавий акцияларнинг сўнггиси 13 сентябрь куни бўлиб ўтган.