Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев тўйларига 30 нафардан кўп меҳмон чақирган санъаткорларнинг жарима билан қутулиб кетаётганидан норозилик билдирди. Бу норозилик унинг Сенат сайтида ёйинланган мақоласида акс этган.
“Албатта, ёшларимизни янги оила остонасига қадам қўйганликлари билан табриклайман. Аммо коронавирус балоси ҳали ўз таъсир кучини кўрсатиб, кундан-кунга касалланиш ортиб бораётган бир вақтда махсус комиссия талабларига зид равишда 30 кишидан ортиқ меҳмонларни йиғиб, карантин тартиб қоидаларга риоя этмаслик ва охир-оқибат яқинларимизнинг соғлиғини, ҳаётини хавф остига қўйиш тўғрими?”, дея савол ташлаган сенатор.
Мақолада муаллиф “Браво” жамоаси вакили Аҳмад Темиров ҳамда хонанда Воҳиджон Исоқовларнинг никоҳ тўйлари тасвирланган видео ва фотолавҳалар тарқалаётганига эътибор қаратган.
“Аҳмад Темиров, Воҳиджон Исоқов ўрнатилган тартибда жаримага тортилганидан хабаримиз бор, бироқ бундай хатти-ҳаракатлар “тартиб қоидаларга зид равишда мана шундай тўй ўтказиб, белгиланган жаримани тўлаб кетиш билан осонгина қутулиш мумкин” деган нотўғри хулосалар шаклланшига сабаб бўлиши ёмон. Қолаверса, бундай тадбирлар касаллик тарқалишига олиб келмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди”, дейилади мақолада.
Сенатор фикрича, “халқ кўз ўнгида юрган, санъат оламига дахлдор одам бошқалардан кўра маданиятлироқ бўлиши, ёшларга ўрнак кўрсатиши керак”.
“Бу каби кўра-била туриб тартиб-қоидани менсимай бузганлар фақатгина маълум бир миқдорда жарима тўлаш билан қутулиши етарли эмасдек, назаримда. Жамият қоидаларига, инсонлар ҳаётига бунчалар беписандалик билан қараш кўринмас душман билан олишиб жонларини фидо қилган юзлаб шифокору-ҳарбийларимиз, юртдошларимиз хотираси ва меҳнатларига нисбатан ҳам ҳурматсизлик деб баҳолашга лойиқ”, деб ёзган Б. Сайфуллаев.
У мазкур ҳолатлар бўйича Маданият вазирлигига сенатор сўрови юборилгани ва бу масала Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинганини қўшимча қилган.
Аввал маданият вазири лавозимида ишлаган Бахтиёр Сайфуллаев президент Ш. Мирзиёев томонидан тайинланган сенаторлардан биридир. У аввал ҳам тўйларни дабдаба билан ўтказилишига қарши танқидий чиқишлар қилган.