Ўзбекистон 1 октябрдан чегараларини тўлиқ очмоқда

Ўзбекистондаги чегара пунктларидан бири.

Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ, жорий йил 1 октябридан Ўзбекистонга авиация, темир йўл ва автойўл ўтказиш пунктлари орқали кириб-чиқишга рухсат берилди. Шу тариқа, аввал жорий қилинган чекловлар бекор қилинади.

Қарор билан масъул идораларга чет давлатлар мутасадди идоралари билан музокаралар ўтказиб, барча турдаги халқаро қатновлар (авиа, темир йўл, автобус қатновлари) сонини кўпайтириш бўйича топшириқ берилган.

Қайд этилишича, янаги ойдан бошлаб, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон билан чегарада жойлашган автойўл ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга кираётган шахслар коронавирусга ПЗР ёки экспресс-тест ёхуд антиген текширувидан ўтган ҳолда 14 кунга меҳмонхона ёки уй карантинига юборилади.

Сўнгги 14 кун давомида “яшил” давлатда (Хитой, Таиланд, Малайзия, Жанубий Корея, Грузия, Венгрия, Финландия, Латвия, Австрия ва Япония) бўлиб турган шахслар Ўзбекистон ҳудудига тўғридан тўғри киритилади.

“Сариқ” (Озарбайжон, Беларус, БАА ва Европа Иттифоқи давлатлари - Буюк Британия ва Испания бундан мустасно) ҳамда “қизил” давлатлардан (қолган барча давлатлар) кириб келаётган шахслар эса сўнгги 72 соат давомидаги коронавирусга ПЗР тести натижалари манфий чиққани тўғрисида маълумотнома тақдим этган ҳолда Ўзбекистон ҳудудига киритилади.