Бишкекдаги Биринчи май туман суди 17 сентябрь куни собиқ соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чўлпўнбаевни 15 ноябргача ҳибсда сақлаш ҳақида қарор қабул қилди.
Собиқ вазирнинг яқинларига кўра, у Қирғизистон пойтахтидаги 1-сонли тергов ҳибсхонасига олиб кетилган.
Чўлпўнбаев Иқтисодий жиноятларга қарши кураш давлат хизмати томонидан 15 сентябрь куни қўлга олинганди. У ўз вазифасига совуққонлик билан қараганлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда. Молия полицияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг раҳбарлари ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда, консультация хизмати олиш учун ўзини оқламаган шартнома тузганлик, бунинг ортидан давлат бюджетига 9 миллион сўмга яқин (тақрибан 115 минг АҚШ доллари) зарар келтирганликда гумонланаётганини маълум қилган.
Космосбек Чўлпўнбаев соғлиқни сақлаш вазири лавозимида 2018 йил 20 апрелидан 2020 йил 1 апрелигача ишлаган.
Шу йил июлида Иқтисодий жиноятларга қарши кураш давлат хизмати Қирғизистонда коронавирус ёйилишининг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар юзасидан текширув бошлаган пайтда К. Чўлпўнбаев сўроққа чақирилган.
31 март куни мамлакат Хавфсизлик кенгаши мажлисида президент С. Жээнбеков коронавирус кириб келишининг олдини олиш бўйича ишни кўнгилдагидек бажармагани учун COVID-19 га қарши кураш бўйича Республика штаби ва Соғлиқни сақлаш вазирлигини танқид қилган. Шундан сўнг Хавфсизлик кенгаши тавсиясига биноан бош вазир ўринбосари Алтинай Ўмурбекова ҳамда соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чўлпўнбаев ишдан олинган.