Беларусь Литва ва Польша билан чегараларни ёпади

Александр Лукашенко.

Беларусь Литва ва Польша билан чегараларни ёпади. Украина билан чегарада эса тартиб кучайтирилади. Бу ҳақда Беларусь президенти Александр Лукашенко 17 сентябрь бўлиб ўтган Аёллар форумида билдирди.

“Биз қўшинларни кўчалардан олиб чиқиб, армиянинг ярмини қуроллантириб, ғарб томондаги давлат чегарасини ёпишга мажбурмиз”, деди А. Лукашенко.

Президентнинг сўзлари амалиётга қандай татбиқ қилинади – ҳозирча маълум эмас, деб ёзади Озодликнинг беларус хизмати.

Ўз чиқишида Лукашенко президент сайловининг бошқа давлатлар томонидан тан олинишига муҳтож эмаслигини билдирди ҳамда норозилик намойишлари чоғидаги хатти-ҳаракати учун ОМОНни (милициянинг махсус топшириқлар бажарадиган бўлими) мақтади.

Беларусда жорий йилнинг 9 август куни президент сайлови бўлиб ўтган. Марказий сайлов комиссияси сайловнинг расмий натижаларини эълон қилиши ортидан (бу натижаларга кўра сайловда А. Лукашенко ғалаба қозонган) мамлакатда норозилик чиқишлари бошланиб кетган. Мухолифат ва Ғарб давлатлари президент сайлови натижаларини тан олмаган. Маълумотларга кўра, Беларусда бир ойдан бери тинмаётган норозилик намойишларида минглаб одам ҳибсга олинган, қўлга олинганлар қийноққа солинган ва таҳқирланган.