Хорижлик сайёҳлар Ўзбекистонга 1 октябрдан гуруҳ бўлиб келиши мумкин

Самарқанддаги туристлар.

Республика аэропортларида, темир йўл станцияларида ва чегара пунктларида шахслар ва транспорт воситаларини ҳаракатланишига рухсат берилаётганлиги муносабати билан халқаро туризмни ташкил этишга нисбатан қўлланилган чекловлар бекор қилинди.

Расмий маълумотда билдирилишича, туристик фирмалар сайёҳлар гуруҳини 5 кишидан кам ва 15 кишидан ортиқ бўлмаган ҳолда шакллантириши лозим. Сайёҳлар Covid-19ни ҳам қамраб оладиган тўлиқ суғуртаси бўлиши шарти билан Ўзбекистонга киритилади.

Туристик фирмалар туристларни ПЗР тест текширувидан ўтказилишини таъминлаши лозим. Бунда ПЗР тест текшируви натижаси манфий бўлган туристларга нисбатан 14 кунлик карантинда сақлаш бўйича чеклов қўлланилмайди, улар Ўзбекистонга киришда коронавирусга текширилмайди.

Турист Ўзбекистонга кириб келган вақтда унда коронавирус аломатлари бўлса, у ўтказиш пунктида ўз ҳисобидан коронавирусга ПЗР ёки экспресс-тест ёхуд антиген текширувидан ўтиши лозим.

Тест мусбат чиқса, сайёҳ ўз ҳисобидан карантинга олиниб, даволанишдан ўтади ёки ўз мамлакатига қайтади.

Хорижий туристлар Ўзбекистонда мавжуд карантин чекловлари ва санитария талабларига қатъий риоя этган ҳолда ҳаракатланишлари лозим.

Бу борадаги талаблар бажарилиши туристик фирмалар зиммасига юклатилди.