Самара вилоятининг Кинель туманида йиғилиб қолган 4 мингдан ортиқ ўзбекистонлик муҳожирнинг 900 нафарга яқини 19 сентябрь куни махсус поездда Ўзбекистонга олиб кетилади. Бу ҳақда Самара вилоят ҳукуматига таянган ҳолда ТАСС хабар берди.
Расман билдирилишича, Ўзбекистон расмийлари 12 ва 14 сентябрь кунлари поездларда 1,5 минг чоғли муҳожирни олиб чиқиб кетган. Биргина сентябрь ойида бу ердан 4 минг муҳожир Ўзбекистонга олиб кетилган. Самара вилоятидан эса жами 8,5 минг муҳожир Тошкент томонидан олиб чиқиб кетилган.
"Кинель туманидаги вақтинчалик яшаш пунктида Ўзбекистон Республикасинининг 4282 фуқароси тўпланиб қолди. Чодир шаҳарчада маъмурий ва тиббий хизмат кўрсатиш палаткалари ҳам бор, бу ерга сув етказиб бериш, озиқ-овқат ва бошқа керакли маҳсулотларини сотиш ташкил этилди”,-дейилади хабарда.
Самара қилоят ҳукумати муҳожирлар яшаётган мазкур лагерда тартибсизликлар ва қонунбузарликлар кузатилмаётганини таъкидлади.