Миллионлаб тонна пахта етиштирадиган Ўзбекистон йил бошидан буён Хитойдан 6,5 млн долларлик тайёр кийим импорт қилди

Тошкентдаги бозорлардан бири.

Жорий йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистон 64 та давлатдан қиймати 16,1 млн AҚШ долларига тенг бўлган тайёр кийим-кечак маҳсулотларини импорт қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,2 млн AҚШ долларига кам, дея маълум қилди Давлат статистика қўмитасининг ахборот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов ўз Телеграм-каналида.

Қайд этилишича, ўтган саккиз ой мобайнида импорт қилинган тайёр кийим-кечак маҳсулотларининг энг катта улуши Хитой (6,5 млн доллар) ҳиссасига тўғри келган.

Тайёр кийим-кечак экспортёрлари орасида Туркия (4,9 млн доллар) иккинчи ўринни эгаллаган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Россия (839,1 минг доллар), Ҳиндистон (714 минг доллар) ва Германиядан (647,9 минг доллар) ҳам кийим-кечак сотиб олган.

Давстатқўм хабарномасида 2019 йили Ўзбекистонда қиймати 7,2 трлн сўмга тенг бўлган тайёр кийим-кечак ишлаб чиқарилгани айтилади.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон жорий йилдан пахта хом ашёсини хориж давлатларига экспорт қилишни тўхтатади. Республикада йилига ўртача 1,2 миллион тонна пахта толаси ишлаб чиқарилади.