19 мингга яқин мижоздан 57 миллиард сўмдан ортиқ пул йиғиб¸ фақат 100 нафар мижозгагина машина бергани ортидан жиноят иши фигуранти бўлган “Avto 60 oy” МЧЖси раҳбари Жамшид Баҳодировга нисбатан суд жараёни Фарғона вилоятида давом эттирилади.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг маълум қилишича, мазкур иш юзасидан гувоҳларнинг кўплиги сабабли жараён вилоятларда ўтказилмоқда.
Шу кунгача суд Андижон вилоятидаги 650 нафар жабрланувчиларни сўроқ қилиб, вилоятдаги ўз ишини якунлади.
Чилонзор туман судининг хабар қилишича, навбатдаги суд жараёнлари Фарғона вилоятида давом эттирилади. Унда жиноят ишининг Фарғона вилоятидан бўлган жабрланувчиларнинг кўрсатмалари тингланади.
“Вилоятдаги жами 1918 нафар жабрланувчи жорий йилнинг 21-26 сентябр кунлари соат 09:30дан 16:30гача жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди биноси (Фарғона вилояти, Фарғона шаҳри, Соҳибқирон Темур кўчаси)га келишлари сўралмоқда”,-дейилади хабарда.
Avto 60 oy” МЧЖси раҳбариятига нисбатан 2019 йил 12 октябрь куни мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 188-1-моддаси 1-қисми (пул маблағларини ва/ёки бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Тергов 2020 йилнинг 2 июнь куни якунланган. Суд жараёни 5 август куни бошланган.
Озодлик 2020 йилнинг 4 мартида 24 яшар Жамшид Баҳодиров қамоқдан мактуб чиқаргани ҳақида хабар берганди. Нусхаси Озодликка юборилган қўлда ëзилган мактубда Жамшид Баҳодиров қамоқда ўзига нисбатан қийноқ қўллангани ва 900 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилинганини иддао қилади. Бироқ ички ишлар расмийлари бу иддаони инкор қилган.