Чироқчида гумонланувчини калтаклаб ўлдирган ИИБ ходимларига нисбатан ҳукм ўқилди

Иллюстратив сурат.

Иллюстратив сурат.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди жорий йил январида Чироқчи туманида мол ўғирлаганликда гумон қилиниб, ИИБ биносига олиб кетилган ва ўша ерда калтакланишдан вафот этган 32 ёшли Юсуф Абдураҳмонов ўлимида айбдор бўлган милиция ходимлари устидан 21 сентябрь куни ҳукм ўқиди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Суд ҳукмига кўра, Н. Овлаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 241-1-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисми, 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисми ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор айбдор, деб топилган ва у 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

А. Жонқобилов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми, 235-моддаси 3-қисми ва 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган ва унга 8 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ш. Раҳмонов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 241-1-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган ва унга 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

А. Тожиноров Ўзбекистон Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган ва 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

Б. Ғайратов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-1-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган ва унга 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Чироқчи ИИБда калтаклаб ўлдирилган Юсуф Абдураҳмоновнинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиева суд ҳайъатидан судланувчилар Нурбек Овлаев ҳамда Анвар Жонқобиловларни кечириб, суд залидан озод қилишни сўрагани ҳақида хабар қилган эдик. Маълумотларга кўра, маҳкамада прокурор судланувчиларга 10 йилгача қамоқ жазоси тайинланишини сўраган.