Хорижий кинокомпанияларга Ўзбекистон ҳудудида амалга оширган харажатларининг 20 фоизи (бироқ 300 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда) Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтарилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг шу йил 19 сентябридаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларининг бир қисмини қайтариш (“rebate”) тартиби тўғрисида”ги низомда қайд этилган.
Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-каналининг маълум қилишича, қарорга мувофиқ, хорижий кинокомпания республика ҳудудида фильмларни суратга олиш учун “Ўзбеккино” миллий агентлигидан рухсатнома олади ҳамда ҳамкорлик бўйича Меморандум имзоланади.
Хорижий кинокомпания Ўзбекистон ҳудудида фильмларни суратга олиш учун республикадаги тижорат банкларида махсус ҳисоб рақами очади ва харажатларни шу орқали амалга оширади. Рухсатнома муддати якунлангандан сўнг фильмни суратга олиш ишлари якунланган ҳисобланади.
Харажатларни қайтариш учун тегишли ҳужжатлар Молия вазирлигига тақдим этилади ва вазирлик томонидан 10 кун муддатда қарор қабул қилинади.