OzodMikrofon: Асакадаги маҳалла раисларидан 30 нафардан теримчини ётоққа жўнатиш талаб қилиняпти

Андижон вилоятининг Асака туманидаги 74 та маҳалла фуқаролар йиғинлари (МФЙ) раисларидан 30 нафардан теримчини ётоққа Бўз туманига жўнатиш талаб қилинмоқда.

Тумандаги маҳалла фуқаролар йиғини фаолларидан бирининг OzodMikrofon рукнига арз қилишича, теримга жалб қилиниш режаланган "Темир дафтар"даги оилалар ётоққа кетишга рози бўлмаяпти.

Натижада маҳалла раислари ўз ҳисобидан теримчиларни ёллаб, ётоққа жўнатишга мажбур бўлаётгани айтилмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган маҳалла фаолига кўра, Асака тумани ҳокими ўринбосари - Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг тумандаги вакили номидан келган кўрсатмада теримчиларни 15 сентябрдан ётоққа юбориш сўралган.

Овози ёзиб олинмаслиги ва ўзи ишлаётган фуқаролар йиғини номини ошкор қилмасликни сўраган маҳалла фаоли ҳокимият вакилидан Telegram тармоғи орқали келган кўрсатма матнини Озодликка йўллади.

(Матн таҳрирсиз берилмоқда - таҳр.)

"ТОПШИРИК, Хурматли МФЙ раис ва унинг ўринбосарлари эртага соат 7.00 га Мустакиллик майдонига (эски собиқ ленин майдони)га 30 нафардан темримчиларни олиб кўрпа тўшаклари билан бирга олиб келасизлар. Бўстон туманига ётоққа олиб кетилади. кеч колманглар. Хабарни олганлар ИЗОХ қолдиринглар."

Маҳалла фаоли бу кўрсатманинг ижтимоий тармоқ орқали йўлланган нусҳаси ва уни жўнатган мулозимнинг Telegram тармоғидаги аккаунтини ҳам Озодликка тақдим қилди. (Фаолнинг хавфсизлиги учун бу ёзишмалар ҳамда унинг шахсига оид маълумотлар ошкор қилинмаётир. - таҳр.)

Маҳалла фаолининг даъво қилишича, Асака туманида мавжуд жами 74 та МФЙ раислари ҳокимиятдан тушган кўрсатмани бажаришга мажбурланмоқда.

"Ишдан бўшайсизлар, дейишяпти раисларга. Чунки ётоққа борадиган одамлар йўқ-да ҳозир, улар одам тополмай сарсон. Битта раис 10 та, яна бири 5 тадан мардикор ёллаб, жўнатди ётоққа. Бир мардикорга 10 кунга 200 минг сўм. Раислар аслида ишдан бўшаса-бўшамаса ,фарқи йўқ, ҳозир одам топиб жўнатиши шарт, мажбур".

Бу фаол шу кунда маҳалладаги "Темир дафтар"га кирганлар - кам таъминланган, ишсиз ва ногиронлиги бўлган оилаларга бир кишини ётоққа жўнатишини илтимос қилиб, ялиниб юрганини очиқ тан олди.

"Шаҳарда гигиена йўқ, даладаги ётоқда карантин пайтида қанақа гигиена бўлиши мумкин?! Шунга одамлар қўрқяпти. Бунинг устига, "Темир дафтар"дагиларнинг кўпида боласи, кекса ота-онаси ёки ногиронини ташлаб кетадиган одами йўқ, оиласининг ёлғиз боқувчиси кўпчилиги. Кунлик бўлса, қатнаб пахта теришга давогар кўп. Килосига минг сўмдан пул ишлайди. Лекин ётоққа рози бўлишмаяпти-да!"

У шунингдек, маҳалла раислари теримчиларни ётоққа йўлламасдан, автобус ёллаб ,кунлик теримга олиб чиқишни йўлга қўйиш учун ҳокимликдан рухсат сўрагани, аммо ҳокимлик рухсат бермаганини айтди.

"Ўтган йили теримчиларни автобус ташкил қилиб жўнатгандик. Ҳамма ўзи рози бўлиб борганди. Бу йил ҳам шунақа қилайлик, дейишса , ҳокимият рухсат бермаяпти", - дейди маҳалла фаоли.

Озодлик маҳалла раисларига бу кўрсатмани берган раҳбар, дея тақдим қилинган мулозим - Асака тумани ҳокими ўринбосари - Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг тумандаги вакили Муқаддас Қурбоновага боғланишга уринди.

Озодлик бу масъулнинг қўл телефонига кун давомида бир неча бор қўнғироқ қилди, аммо боғлана олмади.

Шунингдек, Асака тумани ҳокимининг пахтага сафарбарлик масалалари учун маъсул экани айтилган ўринбосари Ойбек Зайнобиддиновдан ҳам бирор изоҳ ололмади.

Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида пахта теримига старт берилганига 15 кундан ошди.

Ҳукумат бу йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги, теримга асосан “темир дафтар”даги оилалар, ишсизлар ва аёллар жалб қилинишини ваъда қилган эса-да, айрим вилоятларда бюджет ташкилотлари ишчи-ходимлари пахтага мажбуран сафарбар этилаётгани тўғрисида хабарлар келмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлимлари ходимларининг хабар қилишича, улардан "ўз хоҳиши билан пахтага чиқиши" ҳақида мажбурий тилхатлар олинган, пахтага боришни хоҳламаганларга ўрнига ёнидан пул тўлаб, теримчи ёллаш тайинланган.

Банк ходимлари, хусусий ширкатлардан ҳам пахтага одам чиқариш талаб қилинаётгани айтилади.

Озодликка етиб келган хабарларга кўра, хусусан, Сирдарё вилояти Оқ олтин туманидаги "Халқ банки" "Ҳамкорбанк", "Савдогарбанк" бўлимлари ходимларига пахта терими учун ўз ўрнига одам ёллаш буюрилган.

Мавзуга алоқадор Пахтага сафарбарлик: ФВВ ва банк ходимлари ҳам мажбурий теримга юборилмоқда