Фарғона вилояти Қува туманидан Озодликка боғланган шифокорлар Бегат қишлоғида янги ташкил қилинган COVID-19 марказида навбатчилик қилишга мажбурланаётганидан шикоят қилишди.
Шифокорларнинг иддаосича, туман тиббиёт бирлашмаси мулозимлари навбатчилик қилишдан бош тортганларга ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилмоқда.
Уларнинг сўзларига кўра, марказда тиббиёт ходимлари учун шароит йўқ ва коронавирусдан ҳимояловчи тиббий воситалар етишмаслиги боис навбатчиликка туришни исташмайди.
Айни пайтда Қува туман тиббиёт бирлашмасининг Озодлик боғланган мулозими шифокорлар иддаосини инкор қилиб, шароитлар яхшилигини таъкидлади.
Шифокорлар: Бизни навбатчиликка мажбурлашмоқда
Қуванинг Бегат қишлоғидаги 2-сонли ихтисослаштирилган касалликлар шифохонаси бир ҳафта аввал коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумонланган беморларни даволаш марказига айлантирилди.
Ҳозирда ушбу марказга туманнинг бошқа ҳудудларидан тиббиёт ходимлари навбатчилик асосида жалб қилинмоқда.
Озодликка боғланган қувалик тиббиётчилар иддаосига кўра, улар ўз истакларига қарши равишда COVID-19 марказида ишлашга мажбурланмоқда.
"Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари тумандаги ҳар бир тиббиёт ходими бир ойда 4 кундан Бегатдаги Ковид марказида навбатчиликка туришини талаб қиляпти. Агар навбатчиликка бормасак, ишдан бўшатишни айтишди. Ҳамма ишини йўқотишдан қўрққани учун рози бўляпти”, деди хавфсизлик сабаб исми очиқланмаслигини сўраган қувалик врач.
Бошқа бир қувалик шифокор ҳам ишдан ҳайдалишдан қўрқиб, навбатчиликка рози бўлганини айтди:
“Мен бир сутка навбатчиликка турдим. “Йўқ”, дейишга қўрқдим. Дарров “Аризангни ёз”, дейишади. Лекин энди ўзим касаллик юқтирмаган бўлсам, бўлди. Иситмам бор”.
Озодликка боғланган қувалик тиббиётчиларга кўра, улар COVID-19 марказида шароит йўқлиги сабаб у ерда ишлашдан қўрқишмоқда.
“Мен навбатчиликка турган куним битта перчатки беришди. Бир сутка шу перчаткида юрдим. Маска умуман беришмади. Ўзим олиб борган маскани тақдим. Махсус кийим беришди. Лекин очки тақмадим. Бир марта тақишга мўлжалланган очки қайта-қайта тақилавериб, иплари ҳам узилиб кетган экан. Шароит жуда ҳам чатоқ. Ҳар 3 соатда алмаштириш лозим бўлган тиббий буюмлар бир сутка давомида ишлатилса, касалликни юқтириш эҳтимоли жуда катта-ку. Шароитини қилиб қўйишса, ишлаймиз. Лекин ҳозир ҳам ўзимизни, ҳам оиламизни хавфга қўйяпмиз”, деди COVID-19 марказида навбатчилик қилган яна бир врач.
Мулозим: Шифокорлар иддаоси ёлғон
Қува туман тиббиёт бирлашмасининг Озодлик боғланган мулозими шифокорлар иддаосини бутунлай рад қилди.
“Ҳеч ким мажбурланмаяпти. Бу ишлашни истамаган, Гиппократ қасамига амал қилишни истамаган дангасаларнинг шикояти. Шароит ҳам яхши. Тиббий ҳимоя воситалари билан ҳам тўла таъминланган. Коронавирус инфекцияси бошланганидан буён Қувада бирорта ҳам шифокор иш пайти ушбу касалликни юқтирмаган. Шунинг учун шикоятчиларнинг "касаллик юқади", деган даъвоси ҳам ўринсиз”, дея иддао қилди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган мулозим.
Бегат қишлоғидаги шифохона ходимларидан олинган маълумотга кўра, 21 сентябрь куни шифохонада жами 37 бемор бўлиб, уларнинг 4 нафари жонлантириш бўлимида ётибди, 20 сентябрь куни бир бемор икки томонлама зотилжам ташҳиси билан оламдан ўтган.
Пандемия бошланганидан буён ўзбекистонлик шифокорлар коронавирус беморлари билан ишлашга "мажбурланаётганликлари" борасида Озодликка кўп бора шикоят қилишган.
Ўтган ҳафта Тошкентнинг Юнусобод туманидаги "Ўзэкспомарказ" базасида ташкил қилинган COVID-19 га чалинган беморлар даволанадиган марказдан Озодликка боғланган тиббиёт ходимлари 14 кунлик ишлари ниҳоясида яна икки ҳафта ишлашга мажбурланаётганликларини айтишганди.
Мавзуга алоқадор Тиббиёт ходимлари: “Ўзэкспомарказда” 14 кун қолиб ишладик, яна 2 ҳафта ишлашга мажбурлашяпти”