UzAvto Motors АЖ Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят киритган. Бу ҳақда парламент депутати Расул Кушербаев ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.
Депутатга кўра, суд шу йилнинг 2 октябрь куни соат 10.00 да Тошкент шаҳар маъмурий суди биносида бўлиб ўтади.
Маҳкамада Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги махсус комиссиянинг 21/31-сонли иш буйича 2020 йил 19 августидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Мазкур қарорга мувофиқ, комиссия UzAuto Motors енгил автомобилларнинг базавий улгуржи ва чакана сотиш нархларини ўртача 10,29 фоизга ошириб шакллантирганини тасдиқлаган ҳамда ширкат зиммасига енгил автомобиллар нархининг асоссиз оширилган қисмини пасайтириш ва ортиқча олинган маблағни (ҳар бир автомобилдан камида 3 млн сўмдан) истеъмолчиларга қайтариш мажбуриятини юклаган.
“Кўрамиз, суд бу ишни қанчалик мустақил кўриб чиқиб, қонунларга асосан қарор қабул қиларкин”, деб ёзган депутат Р. Кушербаев.