Яккабоғ тумани бош имом-хатиби вафот этди

Ўзбекистондаги масжидлардан бири.

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани бош имом-хатиби Тоҳир Исматиллаев вафот этгани ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати маълум қилди.

“Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси диний соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган, жонкуяр уламо, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани бош имоми ҳамда "Эски Қўрғон" жоме масжиди имом-хатиби Тоҳир домла Исматиллаевнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади”,- дейилади расмий билдирувда.

Мусулмонлар идораси хабарида имомнинг вафоти сабаби айтилмаган.

16 сентябрь куни муфтият Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов вафот этганини билдирган, бироқ ўшанда ҳам ўлим сабабини очиқламаган эди.

44 ёшли имомнинг қариндошлари маҳаллий нашрларга Хайруллоҳ Турматов ўлимига коронавирус сабаб бўлганинини маълум қилган.