Новосибирск ва Самарадан яна 1800 чоғли ўзбекистонлик юртига қайтарилди

Россиянинг Новосибирск ва Самара вилоятларидан 1800 чоғли ўзбекистонлик махсус поездлар билан ватанига олиб келинди.

Транспорт вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, ўтган жума Новосибирск станциясидан йўлга чиққан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ поезди 854 нафар йўловчи билан 21 сентябрь куни Поп станциясига етиб борган.

Ушбу рейс орқали олиб келинган барча фуқаролар Наманган вилояти транспорт бошқармаси томонидан ажратилган автобусларда Поп туманидаги карантин зонасига етказилди”, дейилади хабарномада.

Ўтган шанба 938 нафар ўзбекистонлик билан Самара вилоятидаги Кинель станциясидан йўлга чиққан ҳам 21 сентябрь куни Тошкент жанубий вокзалига етиб келган. Мазкур рейс билан олиб келинган йўловчилар ҳам автобусларда Тошкент вилоятидаги карантин зоналарига етказилган.

Ўтган ҳафта Екатеринбург ва Кинелдан 1700 га яқин ўзбекистонлик махсус поезд рейслари билан ватанига қайтарилгани ҳақида аввал хабар қилган эдик. Озодликдаги маълумотларга кўра, шу кунда Самара вилоятида яна камида 3000 нафар ўзбекистонлик юртига кетиш илинжида юрибди.