Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 сентябрь куни 4 киши коронавирусдан вафот этгани тўғрисида маълумот берди. Бироқ вафот этганлар қайси ҳудуддан экани, қаерда даволангани, уларнинг ёши тўғрисида маълумот берилмади.
Шунингдек, вазирлик вафот этган тўрт кишидан бир нафари аёл, бир нафари эркак эканини билдирди. Аммо қолган икки шахснинг жинси ҳақида маълумот йўқ.
Вазирлик кун охирида коронавирусдан касалланганлар, соғайганлар ва вафот этганлар тўғрисдаги маълумотлар жамланмаси бўлган анъанавий жадвални ҳам эълон қилмади. Бунинг оқибатида 22 сентябрь куни вафот этганлар қайси ҳудуддан экани ва ўлим ҳолатлари расмий статистикаси ноаниқ бўлиб қолмоқда.
Вазирлик 21 сентябрь куни эълон қилган жадвалда вафот этганлар сони 438 киши деб қайд этилган эди. Улардан 305 нафари Тошкент шаҳрида, 67 нафари Тошкент вилоятида даволанган беморлардир.
Вазирликнинг қайд этишича, 22 сентябрь куни Ўзбекистонда 598 ҳолатда касаллик қайд этилди. Бу билан коронавирусга чалинганлар сони 53 мингга яқинлашди. Шу кунгача беморлардан 49 224 нафари соғайди. Касалхонада 3 191 нафар бемор даволанмоқда.