Ўзбекистонда бир кунда камида ўн минг, бир ой давомида уч юз минг, бир йил давомида 3 миллион 600 минг қадам юрган шахсга барча давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 50 фоиз имтиёз берилиши ҳамда спорт иншоотларидан фойдаланиш учун абонемент тақдим этилиши мумкин. Бунга доир кўрсатма мамлакат президентининг “Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини ҳар бир фуқаронинг ҳаётига киритишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида акс этган. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа матни 23 сентябрь куни regulation.gov.uz порталида ёйинланди.
Лойиҳага мувофиқ, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 февралига қадар аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида “Янги нафас” платформасини яратиши лозим. Кўп юрганлар айнан шу платформа иши доирасида рағбатлантирилиши кўзда тутилган.
Қарор билан Адлия вазирлигига “Янги нафас” платформасини давлат хизматлари кўрсатиш тизими билан интеграция қилинишини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Қарор лойиҳасида “2021 йилдан бошлаб сентябрь ойининг учинчи якшанба куни республика бўйича “Автомобилсиз кун” деб эълон қилинсин ҳамда шу куни автомобилда ҳаракатланиш таъқиқлансин”, дейилган.
Лойиҳа муҳокамаси шу йил 8 октябрига қадар давом этади.